Наманганлик сувсозлар сунъий интеллект асосидаги рақамли бошқарувни жорий этишга киришмоқда
Айни кунларда Хитой Халқ Республикасида бўлиб турган Наманган вилояти делегациясининг хизмат сафари доирасида сув таъминоти соҳасида сунъий интеллект ва рақамли бошқарув тизимларини жорий этиш бўйича илғор тажрибалар ўрганилмоқда.
Хусусан, Хитойнинг технологик маркази ҳисобланган Шензҳен шаҳрида жойлашган «Longgang Smart Center» илмий-амалий марказида тажриба алмашиш ишлари олиб борилди. Мазкур марказ бугунги кунда Шензҳен шаҳри инфратузилмасини реал вақт режимида бошқарувчи замонавий «ақлли шаҳар» платформаси ҳисобланиб, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар асосида коммунал, транспорт, энергетика ҳамда бошқа соҳаларни мувофиқлаштириб келмоқда.
Марказ фаолияти билан танишув жараёнида наманганлик мутахассислар томонидан сув таъминоти, канализация ва бошқа коммунал хизматларни сунъий интеллект орқали бошқариш бўйича жаҳонда қўлланилаётган энг сўнгги амалий ечимлар ўрганилди. Жумладан, сув тармоқларидаги носозликларни олдиндан аниқлаш, йўқотишларни камайтириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда хизмат кўрсатиш тезлигини оширишга қаратилган рақамли технологиялар катта қизиқиш уйғотди.
— Ўрганилган тажрибалар асосида тизимимизда яқин кунларда «Longgang Smart Center» билан ҳамкорликда сунъий интеллект асосида хизмат кўрсатишни йўлга қўйишни режалаштириб олдик, — дейди «Наманган сув таъминоти» акциядорлик жамияти раҳбари Мухторжон Хожиев. — Ўтказилган музокаралар давомида ҳамкорликда ишлаш, технологияларни жорий этиш ҳамда мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Қайд этилишича, мазкур ҳамкорлик Наманган вилоятида сув таъминоти соҳасини тўлиқ рақамлаштириш, авария ҳолатларини тезкор бартараф этиш, сув ресурсларини аниқ ҳисобга олиш ва таъминот ишончлилигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг