Наманганда заргарлик савдо-ишлаб чиқариш маркази ишга туширилади
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Наманган ҳунармандчилигида заргарлик алоҳида ўрин тутади. Яқингача заргарлик билан қўл меҳнати асосида шуғулланилган. Вилоятда уни саноат усулига кўчиришга эришилди. Ўзбек брендини дунёга танитишни мақсад қилган «Gavhar jevel group» масъулияти чекланган жамиятида барча заргарлик амалиётлари бажариб келинмоқда.
Биринчи босқичдаги лойиҳанинг қиймати 6,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, корхонани шакллантириш жараёнида Италия, Германия, Туркия ва Россиядан технологик ускуналар олиб келиб ўрнатилди. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1200 килограммга тенг бўлган қувватлар бугун тўла ҳаракатга келтирилди. Айни пайтда бу ерда 50 дан зиёд ишчи фаолият кўрсатади. Бунга қўшимча 200 га яқин маҳаллий заргарлар кооперация асосида уюшиб, иш олиб борилмоқда.
Корхона қисқа вақтда фаолиятини йўлга қўйиш билан бирга, ўз маҳсулотларини ички бозорга олиб киришга улгурди. Ўтган йили Бухорода ташкил этилган халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалида муваффақиятли иштирок этиб, «Энг яхши заргарлик корхонаси» номинацияси бўйича биринчи ўринни эгаллади. Қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмлари экспортини қўллаб-қувватлаш кенгаши (GJEPC) томонидан Дубай шаҳрида ташкил этилган «International GEM & jevellery show» нуфузли халқаро заргарлик «Global icon» мукофотини қўлга киритди.
— Давлатимиз раҳбарининг жорий йилда Наманганга ташрифи айнан, бизнинг корхонадан бошланди, — дейди МЧЖ раҳбари Азизбек Абурасулов. — Суҳбат чоғида кўргазма ва савдо майдонларини ўз ичига олган махсус заргарлик маркази ташкил этиш бўйича зарур кўрсатма берди. Шундан келиб чиқиб, тайёрлаган лойиҳамиз рўёбга чиқди.
— Замонавий технология воситалари билан жиҳозланадиган марказ соҳа вакилларига қулай ва унумли меҳнат қилиш майдонини яратади, — дейди савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси раисининг ўринбосари Мирзоҳид Мирзааҳмедов. — Бу ўз навбатида, илғор технология ёрдамида юқори сифатли, рақобатбардош буюмлар тайёрлаш, миллий брендни ривожлантириш имконини беради. Унинг негизида мингта иш ўрни яратилади.
Дарҳақиқат, лойиҳа қиймати 12 миллион АҚШ долларига тенг ва 35 сотих майдонда барпо этиладиган марказда ички ва ташқи бозорда харидоргир тилла буюмлар, соф олтин ёмбилари ҳамда аксессуарлар ишлаб чиқарилади. Ўрнатиладиган қувватлар ёрдамида йилига 150 килограммгача маҳсулот тайёрлаш мумкин. Унинг 20 фоизи МДҲ республикалари, АҚШ, Япония, Корея давлатларига экспортга юборилади.
Айни пайтда келгуси йилда битказиш режалаштирилган марказни бунёд этишга жадал киришилган. Яқинда истеъмол бозорини қалбаки маҳсулотлардан ишончли ҳимоя қилиб, харидорларга тоза тилла буюмларни тақдим этадиган заргарлар маркази ишга туширилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг