Музейга яна Файзулла Хўжаев номи берилди

13:35 15 Ноябрь 2022 Жамият
1317 0

Фото: Халқ сўзи

Йирик сиёсатчи ва давлат арбоби Файзулла Хўжаев оиласи истиқомат қилган қадимий ҳовли ҳақида кўпчилик эшитган, албатта. Бухоро шаҳридаги ушбу ҳовлига кираверишда ўзбек, рус ва инглиз тилларида «Файзулла Хўжаев уй-музейи» деган ёзув туширилган пештахта ўрнатилди. Ваҳоланки, яқин – яқингача бу ерда «Бой савдогар хонадони уй-музейи» деган ёзув турарди.

— Президентимиз 2018 йилнинг 16 февралида Пешку туманида вилоят фаоллари билан, 2021 йилнинг 12 октябрида Қоракўл туманида сайловчилар билан учрашув чоғида Файзулла Хўжаевнинг номини тилга олиб, унинг ҳурматини жойига қўйишимиз лозимлигини таъкидлаган эди, — дейди Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Сулаймон Иноятов. — Бундан руҳланган бухоролик зиёлилар уй-музейга Файзулла Хўжаев номини қайтариш таклифини ўртага ташладилар. Гап шундаки, 1996 йилда республика Вазирлар Маҳкамасининг «Файзулла Хўжаев таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, шу асосда ушбу масканга халқимизнинг ардоқли фарзанди номи берилганди. Орадан 21 йил ўтиб эса Вазирлар Маҳкамасининг «2017-2027 йилларда қайта ташкил этиладиган давлат музейлари тўғрисида»ги қарори асосида бу гўша «Бой савдогар хонадони уй – музейи» номи билан фаолият юрита бошлади. Ниҳоят, ҳукуматимизнинг шу йил 28 сентябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, мажмуа «Файзулла Хўжаев уй-музейи» деб қайта номланди.

Ушбу ҳовли ХIX аср охирида Ф. Хўжаевнинг отаси Убайдуллахўжа томонидан шарқона усулда бунёд этилган. Жуда кўркам. Унинг кечмиши ҳам Файзулла Хўжаевнинг тақдирига ўхшаб кетади. Уй соҳиби қатағонга учрагач, бу ҳовли қаровсиз ҳолга тушади. Турли ташкилотлар учун бошпана вазифасини ўтайди. Ён-атрофига турли иморатлар қурилади. Ҳартугул кейинчалик маълум қисми сақланиб қолади.

— Масканимизга Файзулла Хўжаев номи қайтарилгани айни муддао бўлди, — дейди уй-музей раҳбари Феруз Баҳромов. — Яна бир янгилик шундаки, 2023 йилда музей реставрация ва консервация қилинади. Шунингдек, реэкспозиция ишлари амалга оширилади. Айни пайтда бу ерда 521 та экспонат бор.

Таъкидлаш керакки, Файзулла Хўжаев суронли даврда Бухоро Халқ Шўролар Республикасини тўрт йил, Ўзбекистон Республикасини 12 йил бошқарган. «Халқ душмани» сифатида қамоққа олиниб, халқимизнинг Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий каби кўплаб маърифатпарварлари қаторида қатл этилган.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?