Мутлақ кўпчилик ёки нисбий кўпчилик: Қай бири афзал?

16:41 29 Июль 2024 Сиёсат
451 0

Архив фото

Янги Ўзбекистон шароитида ҳар бир соҳада амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишларни алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Хусусан, сайлов жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби билан боғлиқ ўзгаришлар мисолида ҳам буни кўриш мумкин.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида, «Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармонида, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий Қонун ва бошқа муҳим ҳужжатларда сайлов тизими билан боғлиқ зарурий қоидалар, тегишли мақсад ва вазифалар белгилаб берилди.

Эътибор берадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 128-моддасида фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгалиги, ҳар бир сайловчи бир овозга эга экани ҳамда овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши аниқ мустаҳкамланган.

Қолаверса, шу нормада сайлов ўтказиш тартиби қонун билан тартибга солиниши белгилаб қўйилган. Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг асосини ташкил этувчи Сайлов кодексида янги институт — аралаш сайлов тизими асосида сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби белгиланди.

Мазкур конституциявий сиёсий-ҳуқуқий кафолат орқали сайловчилар томонидан берилган овоз, якунда масала тақдирининг ҳал бўлишига имкон берадиган ҳуқуқий кафолат мустаҳкамланди.

Халқаро сайлов стандартларидан келиб чиқиб, халқаро нормаларда ҳам фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини амалга ошириш масалалари ўз ифодасини топган. Масалан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддасида ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллар орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эгалиги ҳақидаги қоида белгиланган. «Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги халқаро Пактнинг 25-моддаси «а» бандида инсон ҳам бевосита, ҳам эркин сайланган вакиллар орқали давлат ишларини бошқаришда қатнашиши кўрсатилган. Қолаверса, 1990 йилдаги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Копенгаген ҳужжатида шундай ёзилган: «Иштирок этувчи давлатлар тегишинча ўз фуқароларининг бевосита ва ҳақиқий сайлов жараёнида ўзлари эркин сайлайдиган вакиллари орқали мамлакатни бошқаришда қатнашиш ҳуқуқларини ҳурмат қиладилар».

Албатта, мазкур халқаро ҳужжатлар фуқароларнинг ўз сиёсий ҳуқуқларини бевосита, ҳеч қандай тўсиқсиз амалга оширишларида ҳуқуқий кафолат сифатида хизмат қилади, десак, муболаға эмас.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 70-моддасида сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатиш тартиби белгилаб қўйилган. Жумладан, бир мандатли сайлов округлари бўйича депутатликка етмиш беш нафар номзод, яъни ҳар бир сайлов округидан биттадан депутатликка номзод кўрсатишга; партия рўйхати бўйича етмиш беш нафардан кам бўлмаган, юз нафардан кўп бўлмаган депутатликка номзод кўрсатишга ваколатли экани мустаҳкамланган.

Ривожланган давлатларда сиёсий партиялар позицияси, ғоя ва мақсадларига қараб овоз бериш тенденцияси йилдан йилга кучайиб бориши кузатилмоқда. Шу мақсадда ҳам мамлакатимизда парламент сайловларида мажоритар тизимдан аралаш (мажоритар-пропорционал) тизимига ўтиш масаласи таклиф этилгани бежиз эмас.

Маълумки, халқаро тажрибада сайлов тизимининг мажоритар, пропорционал ва аралаш турлари мавжуд.

Мажоритар сайлов тизимида сайловчилар тегишли округлар бўйича номзоди кўрсатилган аниқ бир шахсга ўз овозини беради, кўпчилик овозини олган номзод эса сайланган ҳисобланади.

Пропорционал сайлов тизимида сайловчилар аниқ бир шахсга эмас, балки номзодлар рўйхати олдиндан шакллантириладиган партияга овоз беради. Яъни мазкур тизимда сайловчи сиёсий партия учун овоз беради.

Аралаш сайлов тизими эса мажоритар ва пропорционал сайлов тизимларининг йиғиндиси саналади. Бунда мандатларнинг бир қисми пропорционал сайлов тизими бўйича, бошқа қисми мажоритар сайлов тизими орқали тақсимланади.

Хабарингиз бор, эндиликда Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатидан 75 нафари бир мандатли ҳудудий округлар бўйича сайланса, қолган ярми сиёсий партияларнинг рўйхатлари асосида сайланадиган бўлди. Мазкур ўзгаришлар сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш асносида фуқароларимизнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки кенгайишига хизмат қилади. Сиёсий партияларнинг ўз сайловчилари олдида масъулияти ва ҳисобдорлиги кучаяди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистондаги сайлов жараёнларида мажоритар сайлов тизими ҳам муҳим аҳамият касб этади. Мажоритар тизим деганда кўпчиликни тушунамиз, яъни сайловда кўпчилик овоз олган номзод сайланган ҳисобланади. Мазкур тизимда ғолиб номзодни аниқлашнинг бир неча турлари мавжуд.

Жаҳондаги сайлов тизимларига эътибор қаратадиган бўлсак, мажоритар сайлов тизимнинг уч тури мавжуд: мутлақ, нисбий ва малакали кўпчилик.

биринчи ҳолда мутлақ кўпчилик овоз тўплаган номзод сайланган деб ҳисобланади — овозларнинг 50+1 фоизи;

иккинчи ҳолда бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган номзод (нисбий кўпчилик) ғолиб деб топилади;

учинчи ҳолда номзод ғолиб деб топилиши учун малакали кўпчилик овозларни олиши керак — 2/3, 3/4 ва ҳоказо.

Мутлақ кўпчилик тизимидаги сайловларда мутлақ кўпчилик овоз тўплаган номзод сайланган деб эътироф этилади. Номзодларнинг ҳеч бири мутлақ кўпчилик овозга эга бўлмаса, иккинчи тур ташкил этилади, унда одатда энг кўп овоз олган икки номзод ўртасида такрорий овоз бериш ташкил этилади. Иккинчи турда сайловчиларнинг нисбий кўпчилик овозини олган номзод ғолиб ҳисобланади. Бу тизим, хусусан, Францияда барча даражадаги депутатлар сайловларида, Миср, Эрон, Литва каби давлатларда вакиллик органларини шакллантиришда кенг қўлланилади.

Ушбу тизим амалда бўлган мамлакатларда одатда сайловлар бўлиб ўтганини тасдиқлаш учун сайловчиларнинг қатнашганининг қуйи фоизи белгиланган. Агар қонунда белгиланган миқдордаги овоз берувчилар сайловларда қатнашмаса, сайловлар ўтмаган ҳисобланади (бизнинг сайлов қонунчилигимизда бу талаб сайловчиларнинг 33 фоизини ташкил этади).

Мисол тариқасида, Франция парламенти — Миллий Ассамблея аралаш сайлов тизимидан фойдаланган ҳолда 5 йил муддатга сайланади. Кўрсатилган номзод биринчи турда сайланиши учун берилган овозларнинг мутлақ кўпчилигини олиши керак бўлади. Ҳеч ким кўпчилик овозга эга бўлмаса, бир ҳафтадан кейин иккинчи тур ўтказилади. Унда биринчи турда рўйхатга киритилган сайловчилар сонининг камида 12,5 фоизи овозини олган номзодлар иштирок этиши мумкин. Иккинчи турда сайланиш учун нисбий кўпчилик овозини олиш кифоя.

Масалан, 2019 йил бўлиб ўтган парламент сайлов якунлари бўйича ҳам 25 та сайлов округида такрорий овоз бериш жараёни ўтказилган. Мазкур жараёнда депутатлар овоз бериш натижаларини аниқлашнинг нисбий кўпчилик тури асосида сайланган.

Мутлақ кўпчилик овозига асосланган мажоритар тизимнинг ўзига хослиги шундан иборатки, юқорида келтирилган мисолимизда мутлақ кўпчилик овоз олган номзод сайланган ҳисобланади, қолган номзодларга берилган овоз эса йўқолиб кетади ва натижада қолган номзодларга овоз берган сайловчилар ўз вакилларини парламентга ўтказа олмайди. Қолаверса, мажоритар тизимнинг бу турида кичик партияларнинг белгиланган мандатларга эга бўлиш имкониятлари чекланади.

Мутлақ кўпчилик сайлов тизимининг яна бир ўзига хослиги шундан иборатки, у ҳар доим ҳам биринчи турда натижа беравермайди. Бундай вазиятлар юзага келган ҳолатларда кўпчилик мамлакатларда сайловларнинг бир неча босқичда ўтказилиши кузатилади. Бу эса сайловчиларнинг сайловда фаол қатнашиши сусайишига, ортиқча сарф-харажатларнинг юзага келишига олиб келиши мумкин.

Мажоритар тизимининг нисбий кўпчилик турига асосланган сайловларда ғалаба қозониш учун номзод ўз рақобатчиларига нисбатан кўпроқ овоз олиши керак ва бу ерда мутлақ кўпчилик, яъни ярмидан кўп овоз олиши шарт эмас. Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо 193 та давлатнинг 50 дан ортиғида маҳаллий ёки миллий сайловларда нисбий кўпчилик тизими қўлланилади. Хусусан, бу тизимдан ҳозирги кунда Буюк Британия, Япония, АҚШ, Россия давлатлари қуйи палаталарини шакллантиришда фойдаланилади.

Россия Федерацияси Давлат Думасини шакллантириш тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, бир мандатли сайлов округи бўйича рўйхатга олинган бошқа номзодларга нисбатан энг кўп овоз олган номзод бир мандатли сайлов округи бўйича сайланган деб эътироф этилади. Рўйхатга олинган номзодлар томонидан олинган овозлар тенг бўлган тақдирда, биринчи бўлиб рўйхатга олинган номзод сайланган ҳисобланади.

Эътибор қаратадиган бўлсак, 2023 йил 18 декабрда қабул қилинган конституциявий қонун асосида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига овоз бериш тартиби бўйича тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Шундан келиб чиқиб, Сайлов кодексининг 96-моддасига кўра сайлов натижаларини аниқлашда бир мандатли сайлов округлари бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади (илгариги таҳрирда номзод сайланиши учун 50 фоиз +1 овозни олиш талаб этилган).

Мажоритар сайлов тизимининг нисбий кўпчилик тури бошқаларига нисбатан ижобий хусусиятларга эга бўлиб, авваламбор, сайловларда овоз бериш натижаларини аниқлашнинг анча содда усули ҳисобланади, аксарият ҳолларда сайловни бир турда ўтказиш имконини беради. Мазкур тизимда камдан-кам учрайдиган фақат бир ҳолатда — икки ёки ундан ортиқ номзод бир хил овоз олиб, ғолиб аниқланмаган ҳолатда такрорий сайлов ўтказилади.

Мухтасар айтганда, сайлов натижаларини аниқлашда сайловчиларнинг хоҳиш-иродаси, овоз бериш тартиби ва усуллари муҳим аҳамият касб этади. Сайлов натижаларини аниқлаш жараёни ҳам доимий ўзгаришда, такомиллашиб бораверади. Таъкидлаш лозимки, эндиликда овоз беришдаги янги тартиб бўйича бир мандатли ҳудудий сайлов округида бошқа номзодга нисбатан кўп овоз олган номзод сайланган ҳисобланади. Бу эса нисбий кўпчиликка асосланган мажоритар сайлов тизимининг энг асосий мезонидир.
Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессори, юридик фанлар доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?