Мутасаддилар ҳар бир лойиҳани якунига етказиш бўйича огоҳлантирилди

18:32 09 Апрель 2025 Жамият
251 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳозирда сув иншоотлари ва уларнинг ерлари турли идоралар балансида турибди. Шунингдек, 2019 йилда тугатилган «Сувсоз» балансида 2 минг 800 та объект қолиб кетган. Яна 9 мингта объектнинг кадастри йўқ. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.

Оқибатда бундай объектлар бўйича лойиҳа қилиш ва қурилишни бошлаш чўзилмоқда. Мутасаддиларга барча сув ва канализация объектлари ҳужжатларини тартибга келтириб, объектларни «Сувтаъминот»га оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш топширилди.

Ҳозирда халқаро молия ташкилотлари билан энергетика, транспорт, аграр, коммунал ва ижтимоий соҳаларда 20 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Вазирлар, вилоят ҳокимлари жорий йил якунигача 4,5 миллиард долларлик ишларни сўзсиз бажариши шартлиги кўрсатиб ўтилди. Лойиҳани асоссиз чўзиб, ортиқча фоиз тўланишига йўл қўйган раҳбарларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши белгиланди.

Бош прокуратурага бу борада қатъий назорат ўрнатиш топширилди.

«Халқаро молия ташкилотлари ҳам ислоҳотларимизни қўллаб-қувватлаб, жойларга чиққан ҳолда лойиҳаларни тезлатиш бўйича ҳокимлар билан фаол ишлаяпти.

Январь март ойларида Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Франция ривожланиш агентлиги, Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги вакиллари Қорақалпоғистон, Андижон, Жиззах, Сурхондарё ва Сирдарёга бориб, 200 га яқин тадбиркор билан ишлади.

Қисқа вақт ичида 1,5 миллиард долларлик лойиҳаларни молиялаштиришга келишилди», деди давлатимиз раҳбари.

Мутасаддилар ҳар бир лойиҳани якунига етказиш кераклиги ҳақида огоҳлантирилди.

Умуман, бу амалиётни тизимга айлантириб, яна камида 3 миллиард долларлик шундай лойиҳаларни бошқа ҳудудларда ҳам қилиш топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?