Мухлислар норозилигидан сўнг ФИФА 60 долларлик чипталарни тақдим этди
ФИФА Жаҳон чемпионати чипталари нархи бўйича мухлисларнинг кескин танқидларидан сўнг “Supporter Entry Tier” деб номланган янги арзон тоифани жорий қилди. Ушбу тоифадаги чипталарнинг нархи 60 АҚШ доллари (тахминан 51 евро)ни ташкил этади.
Маълум бўлишича, янги арзон чипталар 2026 йилда АҚШ, Мексика ва Канадада ўтадиган Жаҳон чемпионатининг барча 104 та ўйинига, жумладан финал баҳсига ҳам амал қилади. Бу муҳим янгилик ҳисобланади, чунки аввалги режаларга кўра, миллий федерациялар орқали сотиладиган финал чипталари учун энг арзон нарх 4 минг доллардан паст эмас эди.
Янги тоифадаги чипталар иштирокчи миллий терма жамоалар уюшмаларига (PMA) ажратиладиган чипталарнинг 10 фоизини ташкил этади. ФИФА баёнотига кўра, умумий ҳисобда ҳар бир PMA учун ажратилган чипталарнинг ярми энг арзон тоифаларга — 40 фоизи “Supporter Value Tier”, 10 фоизи эса “Supporter Entry Tier” ҳиссасига тўғри келади.
Чипталар кимларга берилишини миллий федерацияларнинг ўзи ҳал қилади. Яъни улар ариза топшириш тартиби ва “терма жамоага яқин, содиқ мухлислар”ни аниқлаш мезонларини мустақил белгилайди. Масалан, Шотландия футбол ассоциациясида ҳар бир гуруҳ ўйини учун тахминан 370–390 та 60 долларлик чипта бўлиши мумкинлиги ҳисоблаб чиқилган.
Шунингдек, ФИФА плей-офф босқичи чипталарига ариза берган, аммо жамоаси кейинги босқичга чиқа олмаган мухлислар учун қайтариш жараёнида маъмурий тўловлар ундирилмаслигини маълум қилган. Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги Жаҳон чемпионати тарихдаги энг қиммат мусобақа бўлиши кутилмоқда. Шунга қарамай, ФИФА талаб юқори эканини ва сўнгги сотув босқичида 20 миллиондан ортиқ ариза келиб тушганини таъкидламоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Австралияда 16 ёшгача бўлган ўсмирларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланди
- Учинчи Ренессансга элтувчи маърифат кўприги: Ўзбекистон—Покистон ҳамкорлигининг янги босқичи
- Муҳаммад Салоҳ фаолиятини Саудияда давом эттириши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг