Мудофаа соҳасидаги инновацион технологиялар намойиши

20:19 29 Май 2025 Жамият
218 0

Раҳматжон БОБОЖОНОВ/«Халқ сўзи». Пойтахтимиздаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида «Мудофаа соҳасида инновацион технологиялар — 2025» фестивали старт олди.

Унда Қуролли Кучларга зарур бўлган замонавий технологиялар, металлургия, кимё саноати ҳамда текстил соҳасида икки мақсадга мўлжалланган ишлаб чиқарувчи ташкилот, йирик корхоналар, жисмоний шахслар ва ихтирочилар ўзларининг маҳсулотлари билан иштирок этишмоқда.

Фестивал аввалида тантанали очилиш маросими ташкил этилиб, унда соҳа мутасаддилари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди. Тадбир аввалида бир гуруҳ масъуллар сўзга чиқиб, юртимизда иккинчи бор ўтказилаётган ушбу фестивалнинг аҳамияти ҳақида тўхталишди.

Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда Қуролли Кучларимиз Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида миллий армиямиз қиёфасини тубдан ўзгартириш, ҳарбий соҳага оид инновацион ғоялар ҳамда технологияларни кенг жорий этиш, шунингдек, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик тадбирларини самарали йўлга қўйиш борасида кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.

— Юртимизда замонавий мудофаа саноати соҳасида ҳам қисқа даврда туб ислоҳотлар амалга оширилди, янги завод ва корхоналар барпо этилиб, замонавий технология ва ускуналар олиб келинди, — дейди Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-маёр Шухрат Халмухамедов. — Ўтган йиллар мобайнида мавжуд ҳарбий заводларимиз модернизация қилинди. Хусусан, ҳарбий-техник соҳада 50 га яқин давлатлар билан ҳамкорлик ўрнатилиб, 30 дан ортиқ илғор хорижий компаниялар билан шартномалар имзоланди. 40 та маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари 155 тага етказилиб, хизмат кўрсатиш 2,5 баробарга оширилди.

Мазкур фестивал ҳам инновацион ғояларни амалиётда синовдан ўтказиш, ёшлар ўртасида замонавий технологияларга қизиқишни янада кучайтириш ва муҳандислик соҳаларига кенг жалб қилиш, ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхона ҳамда ташкилотларни мудофаа саноати соҳасига йўналтиришни ўз олдига мақсад қилган.

Фестивалнинг бу йилги тадбирлари доирасида ҳам мудофаа саноатига оид замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар, робототехникалар, кимё-технологиялари, кон-металлургия соҳасига оид маҳсулотлар кўргазмаси намойиш қилинмоқда. Шунингдек, фестивал доирасида ёшлар ўртасида «Кибер спорт», «Хакерлик устаси», «Дастурлаш», «3Д моделлаштириш технологиялари», «Роботлар жанги», «Учувчисиз учиш аппаратларини лойиҳалаштириш», «Ракетамодел», «Дрон-рейсинг» ва «Келажак транспорт технологиялари робототехникаси» йўналишларида мусобақалар ўтказилиши кўзда тутилган.

Таъкидлаш лозимки, дастурлаш ва робототехникага қизиқадиган ёшлар учун ушбу фестивал ўз ғояларини рўёбга чиқариш ҳамда соҳадаги билимларини янада ривожлантириш йўлида биринчи қадам бўлади. Фестивалда саралаб олинган иқтидорли ёшлар ва фуқароларга келгусида Мудофаа саноати корхона ҳамда заводларида ўзларининг ишланмаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишлари ва ишга жойлашишлари учун кенг имкониятлар яратиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Фестивал 31 майга қадар давом этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?