Меҳр-мурувват чексиз, чегарасиздир

Сирожиддин Воҳидов - “Халқ сўзи”
Инсон учун энг катта туҳфа — эътибор. Ҳатто биргина яхши сўз баҳор ёмғири қақроқ дашту биёбонларга ҳаёт бахш этганидек меҳрга ташналикни қондириши, инсон онгу қалбида, тақдирида мўъжизавий ўзгаришлар ясаши мумкин.
Меҳр-мурувватнинг қудрати, сеҳрию жозибаси чексиз, чегарасиздир.
Янги Ўзбекистонда барча соҳа қатори инсонга муносабат ҳам тубдан ўзгараётганини бугун ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида кўриб-билиб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Биргина мисол: Ўзбекистонда давлат бошқаруви идоралари раҳбарлари, мансабдорлар марказдан олисдаги энг чекка қишлоғу овулларга ҳам бориб, оддий аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиши, одамларнинг дарду ташвишлари билан қизиқиб, уларни аритишга, мавжуд муаммоларни ҳал қилишга астойдил киришишини бир вақтлар ҳатто тасаввур ҳам этолмаган бўлсак, бугун бу одатий ҳолга айланди.
Мамлакатимизда кексаю беморлар, имконияти чекланганлар ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилгани йўқ. Улар ҳамиша давлатимизнинг, халқимизнинг меҳри, эътибори, ғамхўрлиги оғушида. Жумладан, Президентимизнинг шифо масканларида бўлиб, у ерда даволанаётган беморлар ҳолидан хабар олиши юртдошларимиз қалбини нурга тўлдирмоқда.
Халқимизда эҳтиёжманд инсонларга қайишиш, дардман кўнгилларга малҳам бўлиш миллий қадриятга айланиб бораётир.
Янги йил арафасида ана шу эзгу анъана яна давом этди. Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида даволанаётган — Қорбобоға хат ёзиб, орзуларининг рўёбга чиқишини орзиқиб кутаётган ўғил-қизларга Президентимиз номидан Янги йил совғалари улашилди. Тақдирнинг аччиқ синовларидан ғамгин тортган ота-оналарнинг кўзларида севинч ёшлари ҳалқаланди.
Самимий суҳбат давомида бемор болалар, уларнинг ота-оналари, яқинлари шифохонада уларга яратилган қулайликлар, кўрсатилаётган меҳр-эътибор ҳақида тўлқинланиб сўзлашди.
— Янги йил бизга унутилмас қувонч бахш этди, — дейди бухоролик Нигора Эргашева. — Совға олган қизимнинг хурсандчилигини кўриб, тўғриси, мен ҳам йиғладим. Бу бироз ноодатий туюлиши мумкин. Лекин тўрт йилдан буён оғир дард билан курашиб, ҳар лаҳзадан, ҳар бир суҳбатдан мўъжиза кутиб яшаётган фарзандимнинг кўзидаги чақинни, ҳаётга муҳаббатни кўриш — мен учун бахт.
Онкогематологик касалликлар — бу суяк кўмиги ҳужайраларида мутациялар туфайли юзага келадиган ва бутун гематопоэтик тизимнинг ишини бузадиган хавфли ўсмалар гуруҳидир.
Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йилига юз минг аҳолига 8-10 та янги аниқланган қон тизими касалликлари кузатилади, бу
Бугунги кунда мамлакатимизда ушбу касаллик билан оғриган беморларнинг тезроғ соғайишини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 14 май куни Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюрганидан сўнг марказ фаолиятида жуда катта ўзгаришлар юз берди. Қисқа фурсат ичида — 27 май куни давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори соҳада тубдан янгиланишни ва конструктив ўзгаришларни бошлаб юборди.
Ана шу қарор асосида аҳолига ихтисослаштирилган гематологик ва онкогематологик хизмат кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Арнасой кўчасида янги барпо этилган тиббиёт муассасасининг иккита биносига кўчирилди. Болалар ва катталар бўлимлари алоҳида биноларга жойлаштирилди. Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилиб, 2022 йилнинг 1 январидан мустақил шифохона сифатида фаолият юритади.
Марказда касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш тизимини янада ривожлантириш, шунингдек, илғор ташхис усулларини жорий этиш, онкогематологик ва даволаш қийин бўлган қон тизими касалликларига чалинган беморлар, айниқса, болаларни даволашда қулай шарт-шароитлар яратилди.
Янги бино корпусларида катталар ва болалар гематология беморлари учун мультидисциплинар хизмат кўрсатиш мақсадида, таркибида барча тор мутахассислардан иборат маслаҳат поликлиникаси фаолият юритмоқда.
Стационар шароитида даволанувчи беморлар учун қабул бўлими, тегишли клиника бўлимлари ташкил этилади. Клиниканинг ўрин жойи 300 тага чиқарилди. Катталар ҳамда болалар бўлимларида палаталар бир ва икки кишилик, шунингдек, санитария хонаси билан бўлиб, бу беморни ҳар хил инфекциялардан асрашга имкон яратади. Бўлимларда муолажалар, қон қуйиш, кимёвий дори воситаларини тайёрлаш, стернал ва эндолюмбал пункция амалиёти ўтказиш, юқори технологияли илмий лабораториялар ҳамда бошқа алоҳида хоналар мавжуд.
Ҳар бир алоҳида қурилган бинолар таркибида жарроҳлик бўлими, бокс хоналардан ташкил топган реанимация бўлими ташкил этилди. Бу бўлимлар палаталарининг ҳавоси махсус мосламалар — конденционер вентиляцияси ёрдамида стерил ҳолатни сақловчи микроклиматни яратади.
— Қарийб уч йилдан буён ушбу дард билан олишамиз, — дейди андижонлик Мадина Юсупова. — Фарзандимиз Муҳаммадазизни биринчи бор шифо масканига олиб келганимизда бизни эски бинода қабул қилишган эди. Шароитлар йўқлигидан жуда қийналардик. Устига-устак шифохонада дори-дармон етишмаганидан уларни катта маблағ эвазига сотиб олиб келишга мажбур бўлардик. Давлатимиз раҳбари бу ерга ташриф буюргач, шифохона ҳаётида бутунлай янги давр бошланди, десак, муболаға эмас. Марказга янги бино қуриб берилди. Беморлар дориларни излаб, сарсон-саргардон юрмайдиган бўлишди. Шифохонанинг ўзи таъминлаяпти. Яна текинга! Биз бундай ўзгаришларни ҳеч кутмагандик. Бундай ғамхўрликлар бемор болажонларнинг ҳам, биз, ота-оналарнинг ҳам руҳини кўтармоқда. Шукрки, аҳволимиз кундан-кунга яхшиланяпти.
Марказ ходимларини салоҳиятини юқори малакали кадрлар даражасига кўтариш мақсадида улар етакчи хорижий тиббий таълим муассасалари ва клиникаларида, жумладан, давлат маблағи ҳисобидан, жарроҳлик, трансплантология, анестезиология ва реанимация, трансфузиология бўйича қайта тайёрланмоқда ҳамда малакаси оширилмоқда.
Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 40 турдаги махсус дори воситалари ва реагентлар харид қилиниб, клиника эҳтиёжи тўла қопланмоқда.
— Марказ амалиётига жаҳон стандартларига жавоб берадиган юқори технологик диагностика, юқори дозали ва интенсив полихимиотерапия даво усуллари жорий этилиши ва беморлар учун барча зарур шароитларнинг яратилиши, махсус дори воситалари билан таъминланишнинг яхшиланиши, таргет терапияларининг қўлланилиши онкогематологик беморларнинг 70-85 фоизгача ҳолларда ремиссияга чиқишига ва тўлиқ тузалишига, улар орасида ногиронлик ва ўлим ҳолатининг камайишига олиб келмоқда, — дейди Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази бўлим мудири Наргиза Бобохонова. — Бу, ўз навбатида, аҳоли саломатлиги ва ҳаёти сифати ва давомийлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Бемор болалар узлуксиз даволаниши ва протокол бўйича тўлиқ даволаниш жараёнини амалга оширишлари ҳамда мактаб дастурларини самарали ўзлаштиришлари учун мактаб, шунингдек, жажжи кичкинтойлар учун боғча ташкил этилиши режалаштирилган.
— Президент бобомизнинг бизга бераётган ёрдамларидан жуда хурсандман, — дейди 12 ёшли Одинахон Абдулҳамидова. — Юртбошимиз билан учрашганимдан кейин қалбимда бир олам орзулар уйғонди. Албатта, соғайиб кетишга ўзимга ўзим сўз бердим. Буни шеъримда ҳам ифодалаганман. Уни ёд олиб, онамга айтиб берганимда роса йиғлади. Президентимизнинг умри узоқ бўлишини тилаб, дуолар қилди. Янги йил совғалари учун ҳам мамнунман. Совғалар таркибидаги замонавий планшет, айниқса, менга ёқди. У орқали энди мактабимизнинг онлайн дарсларида қатнашиш муаммо бўлмайди. Катта бўлсам, ўқитувчи бўлмоқчиман. Билимли, одоб-ахлоқли, бошқаларга яхшилик қиладиган инсонларни тарбияламоқчиман.
Дарҳақиқат, меҳр меҳрга доялик қилади, одамдаги ёмон қусурлару ёлғончи майлларни ўлдиради. Бугун навқирон авлодга кўрсатилаётган меҳр-мурувват, оқибат, саховат, ҳиммат эртага халқимизга бир неча маротаба кўпроқ яхшиликлар бўлиб қайтади. Зотан, шоир айтганидек, муҳаббатдин муҳаббат бўлур пайдо...
Президентимиз раҳнамолигида янгиланаётган Ўзбекистонда жамият пойдевори инсонпарварлик, меҳр-мурувват, эзгуликдан тикланаётгани эса эртанги кунга умид ва ишончимизни янада мустаҳкамлайди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов иштирок этди.
Дилшод КАРИМОВ
“Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг