Марказий банк асосий ставкани 14 фоизга оширди

12:41 20 Март 2025 Иқтисодиёт
1567 0

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви 2025 йил 20 март куни ўтказилган йиғилишда асосий ставкани 0,5 фоиз бандга оширишга ва уни 14 фоиз даражасида белгилашга қарор қилди.

Бу қарор инфляцион босимларнинг юқори даражада сақланиб қолиши, талабнинг барқарор ўсиб бориши ва инфляцион кутилмаларнинг кучайиши сабабли қабул қилингани айтилмоқда.

Марказий банк маълумотларига кўра, мазкур қарор инфляцион хатарларни жиловлаш, иқтисодиётда пул-кредит шароитларини мақбуллаштириш ҳамда ўрта муддатли истиқболда инфляцияни 5 фоизлик таргетга тушириш учун етарли шароитларни яратиш мақсадида қабул қилинган.

Йил бошидан инфляция даражаси бироз ошиб, 2025 йил февраль ойи якунига кўра 10,1 фоизни ташкил этди. Бу ўсиш айрим товар ва хизматлар нархларининг кўтарилиши билан изоҳланади.

Хусусан, ёқилғи нархлари, коммунал хизматлар, транспорт, таълим ва тиббиёт хизматлари тарифлари ошгани инфляцион кутилмаларга сезиларли таъсир кўрсатган. Шу боис, февраль ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари 15,3 фоизга, тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари эса 13,8 фоизга етган.

Охирги ойларда хизматлар инфляциясининг юқори даражада шакллангани иқтисодиётда ялпи талабнинг ортиб бориши билан боғлиқ. Хусусан, трансчегаравий пул ўтказмалари ва аҳолига ажратилган кредитлар ҳажми ошгани бу жараёнга таъсир этган. Бу ҳолат чакана савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар динамикасида ҳам акс этмоқда.

Марказий банкнинг таъкидлашича, асосий савдо ҳамкор давлатларнинг валюталари мустаҳкамланиши таъсирида реал самарали алмашув курси пасайиш тенденциясини намоён этмоқда ва ўзининг ўрта муддатли трендига яқинлашган. Шу сабабли, инфляцион жараёнларни мақбуллаштириш ва иқтисодиётда мувозанатни таъминлаш мақсадида пул-кредит сиёсати қатъийлаштирилади.

Бу қарор умумий талабни мувозанатли шакллантиришга ёрдам бериши ва нархларга оширувчи омиллар таъсирини камайтириши кутилмоқда. Шу орқали келгуси чоракларда инфляция даражаси маълум миқдорда секинлашиб, йил якунига келиб 7-8 фоизга тушиши мумкин.

Марказий банк 5 фоизлик мақсадли инфляция даражасига эришиш учун пул-кредит сиёсати қатъийлигини сақлаб қолишини билдирди. Агар келгуси чоракларда инфляцион босимлар кутилганидан юқори бўлса, пул-кредит сиёсати янада қатъийлаштирилади.

Марказий банк асосий ставкани қайта кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилишни 2025 йил 24 апрель кунига белгилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер