Марғилонда «Атлас байрами»

11:32 17 Сентябр 2024 Жамият
163 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Маълумки, шу йилнинг 19–21 сентябрь кунлари ипакчилар ва ҳунармандлар шаҳри Марғилонда VI халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали – «Атлас байрами» бўлиб ўтади.

Анъанага кўра, ушбу тадбир олдидан Фарғона вилоятининг барча ҳудудларида «Хон атлас» ҳафталиги ташкил этилди. Ҳафталик доирасида таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳаллаларда кийиниш борасидаги миллий қадриятларимиз кенг намойиш этилиб, маънавий-маърифий суҳбатлар, театрлаштирилган байрам томошалари ўтказилди.

Ўз навбатида ЮНEСКО томонидан Ўзбекистон «Ҳунарманд» уюшмаси билан ҳамкорликда Марказий Осиёда анъанавий ҳунармандчилик, этно-дизайн ва тадбиркорлик бўйича ўқув дастури ташкил этилмоқда. Шу тариқа 12–18 сентябрь кунлари Марғилон шаҳридаги IТ маркази биносида тренинг машғулотлари бўлиб ўтмоқда.

Унга Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг 40 нафарга яқин малакали ҳунарманд-дизайнерлари жалб этилиб, иштирокчиларга бир ҳафталик дастур доирасида таниқли миллий ва халқаро экспертлар машғулотлар олиб бормоқда.

— Атлас байрами кейинги йилларда вилоятнинг туризм салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда, — дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов. — Бу йилги тадбирларда ҳам дунёнинг барча қитъаларидан соҳа мутахассислари, сайёҳлар таклиф этилган. Ҳозир кўҳна кент Атлас байрами шукуҳи билан яшамоқда.

Байрам тадбирлари жуда ҳам ранг-баранг бўлиб, у барчада унутилмас таассуротлар қолдиришига ишонамиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер