Маънавият — тарбия калити

Иллюстратив фото
Маънавият — аввало, инсоннинг ички дунёси, ахлоқий қадриятлари, руҳий баркамоллиги, билим ва тафаккури билан боғлиқ тушунча. Маънавият одамни руҳан покланиш, қалбан улғайишга ундайдиган, виждонини уйғотадиган беқиёс куч. Тўғри, аксарият соҳаларда натижадорлик, самарадорлик аниқ мисоллар, рақамлар, кўрсаткичларда ўз ифодасини топади. Маънавий, маърифий соҳадаги ҳаракатлар, ишлар натижаси эса инсонларнинг онги ва тафаккуридаги, дунёқарашидаги, ҳаётга бўлган муносабатидаги ижобий ўзгаришлар билан ўлчанади.
Қадриятларга садоқат
Шу ўринда Президентимизнинг қуйидаги фикрларини келтириб ўтмоқчиман: “Барча ўзгаришлар, аввало, одамларнинг онгидаги ўзгариш туфайли рўй беради. Замонга муносиб бўлиб иш кўриш лозим. Шунинг учун маънавий соҳада 5 йил олдин юрмасак, иқтисодиёт ривожланмайди”. Бугун юртдошларимизнинг ҳаётга бўлган қараши, интилишлари, ислоҳотлар, ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси, мақсадлари, эртанги кунга умидлари юксалиб боряпти. Бугунги одам билан ўн йил аввалги одамнинг дунёқарашини, ҳаётий позициясини солиштириб бўлмайди. Бугун ёшу кекса шиддатли воқеликларни теран идрок этмоқда, ҳар бир йўналишда кечаётган ислоҳотларнинг моҳиятини чуқур англаб етяпти. Бугун ота-оналар шиддатли давр, таҳликали замон, технологиялар асрида тарбия ва таълим ниҳоятда муҳимлигини англаяпти, фарзандлар таълимига инвестиция киритаётир. Бугун юртимиз ёшлари буюк инсонлар авлодлари эканини тушуниб, уларга муносиб бўлишга, қадриятларга содиқ қолишга, маърифатни маҳкам тутишга интиляпти. Ўз салоҳияти, билими билан юрт равнақига ҳисса қўшишга чоғланяпти. Турли соҳаларда Ватанимизни дунёга танитяпти. Бугун жамиятда бирдамлик ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ бўй кўрсатяпти. Бошқача айтганда, биз маънавиятнинг кўрсаткичини — миллий анъанаю қадриятларга содиқлик, нуронийларимизнинг донишмандлиги, ёшларимизнинг эзгу мақсаду интилишлари, муаммоли масалаларга ёндашувдаги баҳамжиҳатлик, бирдамлик, жамиятдаги миллий руҳ, миллий тафаккур билан ўлчаган бўлардик.
Мард қолур майдон ичинда
Биз бугун шундай замонда яшаяпмизки, янгиликлар, ўзгаришлар ниҳоятда шиддатли. Ахборотлар оқими чексиз. Шу билан бирга, маънавий таҳдидлар жуда кўп. Навқирон авлоднинг маълум қисми телефон асирига айлангани ҳам бор гап. Уларнинг эътиборини телефондан олинаётган ахборотдан ҳам жозибали, таъсирчан маълумотлар билан жалб этиш бизнинг вазифамиз. Кузатяпмиз, кўряпмиз, айни даврда турли ёт ғояларни сингдиришга, “оммавий маданият”ни тарғиб қилишга уринишлар бўлмоқда. Энг аввало, инсон онги ва қалбини эгаллашга интилиш кучли. Бундай мураккаб вазиятда илм-маърифатни маҳкам тутиш, жамиятда “маънавий иммунитет”ни мустаҳкамлаш ҳар жиҳатдан муҳим. Буни қандай амалга оширамиз?! Албатта, илм-фан тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган мутафаккир боболар қолдирган бой илмий-маънавий манбага суяниб, ўзи ҳам, қалби ҳам уйғоқ зиёлилар, олимлар, чинакам эл жонкуярлари салоҳиятидан фойдаланиб! Зеро, юрт етакчиси таъкидлаганидек, Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари — уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Шу ҳақиқатни теран идрок этган ҳолда Марказ ўз атрофига юрт зиёлиларини жамлаб, улар учун мулоқот минбарини ташкил қилди. Ўз навбатида, олдинга қўйилган мақсадга самара билан эришиш учун Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази каби қатор ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб, кучларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштирди.
Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс
Айнан ана шу ҳамкорликнинг муваффақиятли намунаси сифатида “Маърифат карвони” лойиҳасини келтириш мумкин. Унда бугунги ислоҳотлар моҳиятини айнан зиёлилар орқали халққа етказдик. Янги Ўзбекистондаги янгиланишлар, ўзгаришларни нафақат халқимиз, балки дунё ҳамжамияти эътироф этяпти. Инсон қадрияти, инсон манфаатига қаратилган ҳар бир ислоҳот бизнинг ҳаётимизда, фикрларимиз, қарашларимизда намоён бўляпти. Бу саъй-ҳаракатларни теран идрок этган одамда юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси ортади, шукронаси юксалади. Бу масалага зиёлиларимиз таъсирчан усуллар, замонавий тарғибот кўникмалари билан ёндашади. Шу боис ҳам республикамиз бўйлаб кезган карвонга мамлакатимиз олимлари, журналистлар, диний-маърифий ҳамда маданият ва санъат соҳаси вакилларидан иборат юзга яқин тарғибот гуруҳлари аъзолари жалб қилинди.
Тадбирлар дастурига эътибор қаратсангиз, ҳар бир лойиҳа йўналиш ва мазмун жиҳатдан юқоридаги мақсадларга ҳамоҳанг. Хусусан, “Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс” илмий-маърифий форуми — бугунги изчил ислоҳотлар, ўзгаришу янгиланишлар мазмунини аҳолига етказиш ва бу орқали ҳар бир юртдошимизда шу юртга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, қалбларда шукроналик туйғусини ошириш, илмга, маърифатга ошно этишдек масъулиятли ва залварли миссияга қаратилган бўлса, “Цивилизациялар — Шахслар — Кашфиётлар” лойиҳаси орқали олимлар томонидан ишланаётган илмий-инновацион лойиҳалар тақдим этилди. Буюк аждодларимизнинг маданий меросини кенг тарғиб қилиш, аҳоли орасида ижтимоий фаоллик кўникмаларини кучайтириш мақсадида “Тирик тарих” лойиҳаси доирасида миллий кинофильмлар, қисқа метражли анимацион фильмлар, сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган медиа- маҳсулотлар, ижтимоий роликлар намойиш этилмоқда. Бу лойиҳа каттаю кичикка ҳам маданий, ҳам маънавий озуқа улашади.
Яна бир ўзига хос лойиҳа — “Фаровон ҳаёт сари илк қадам”. Унинг доирасида маҳаллаларда аҳолининг ижтимоий фаоллигини рағбатлантириш, ёшлар ўртасида ўз-ўзини банд қилишга кўмаклашиш мақсадида мутахассис ва тадбиркорлар иштирокида амалий маҳорат дарслари ўтиляпти. Миллий қадриятлар тарғиботи, тўй ва маросимларни ихчамлаштириш бўйича давра суҳбатлари, оилалардаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда психологик кўмак кўрсатишга қаратилган семинар-тренинглар уюштириляпти. “Олимлар ва ёшлар учрашуви”, “Ижтимоий ғоялар” форуми эса креатив ғоялари бор йигит-қизлар учун айни муддао, дейиш мумкин. Унда ўғил-қизларимизнинг стартап лойиҳалар ҳақидаги фикрлари, ташаббусларига эътибор қаратилди.
Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамини муносиб нишонлаш, чекка туманлардаги маҳаллалар ва овулларда янги миллий руҳиятни янада кучайтириш ҳамда жамият бирдамлигини таъминлаш мақсадида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида август ойида “Умуммиллий бирдамлик фестивали” ўтказилди. Унинг доирасида 10 та ижтимоий лойиҳа, хусусан, “Инсон қадри”, “Фаровон ҳаётга илк қадам”, “Шижоат”, “Умуммиллий бирдамлик”, “Дилдаги гаплар”, “Бахтли болалик шарафига”, “Китоб марафони”, “Маслаҳат оши” каби лойиҳалар, “Қасамёд” спектакли, гала-концерт ташкил қилинди. Олимлар, зиёлилар, шоир-ёзувчилар, маданият ва санъат вакилларидан иборат 79 нафар республика ҳамда 254 нафар маҳаллий тарғиботчи жалб қилинди, 100 та туман (шаҳар)даги 1412 та маҳаллада 284 та маънавий-маърифий тадбир ўтказилиб, 2 миллиондан зиёд аҳоли қамраб олинди. “Китоб марафони” лойиҳаси доирасида ҳудудлардаги ёш китобхонларга 10 500 дан ортиқ китоблар тўплами тарқатилди.
Эътиборли жиҳати, маънавият фестивали илк бора АҚШда ҳам бўлиб ўтди. Унда ватандошларимиз ўзгача шижоат билан қатнашди. Айтиш керакки, фестиваль доирасидаги тадбирларда инсон манфаати йўлидаги ислоҳотлар самараси яна бир карра эътироф этилди.
Китобнинг жонли ижроси
Марказ фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири жамиятда китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ривожлантиришдир.
Менимча, китоб, мутолаа, унинг инсон камолотидаги ўрни мавзуси ҳар бир инсонни жўшиб гапиришга ундайди. Чиндан ҳам, китоб — одамзод яратган энг зўр мўъжиза. Беминнат дўст, яхши суҳбатдош, тўғри маслаҳатгўй бўлиши билан бирга китоб маънавият, тарбиянинг калити ҳамдир. Бир китобда ўқигандим, мутолаадан йироқ бўлиш, унга эътиборсиз қараш гўзал сўзлашув қобилияти йўқолишига олиб келади. Қалбда тушкунлик, ақлда мадорсизлик вужудга келади. Инсон табиати ўлади, маърифат сармояси тугайди. Шу фикрнинг ўзиёқ ҳаётимизда, камолотимизда унинг ўрни қанчалик муҳимлигини ифодалайди. Миллатнинг маънавий дунёси, ахлоқий қарашларини китобга муносабати, китобхонлик даражасига қараб аниқлаш мумкин. Бугун юртимизда ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқишини кучайтириш, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга жиддий эътибор қаратиляпти. Ҳатто китоб ўқиган йигит-қизлар муносиб рағбатлантирилмоқда.
Маънавиятнинг калити китоб дедик, демакки, жамиятдаги маънавий муҳитга бевосита масъул ташкилот сифатида Марказ миссиясини китоб, китобхонлик, мутолаа тарғиботисиз тасаввур қилиш қийин. Бу масалага биз замонавий ёндашишга интиляпмиз. Чунки фарзандларимиз смартфон, гаджетлар билан яқин дўст тутинаётган бугунги даврда уларни анъанавий тарғибот усуллари билан мутолаага қизиқтириш мушкул. Бу йўналишдаги самарали ҳаракатларимиздан бири “Уй” номли қисқа метражли анимацион фильмдир. Шунингдек, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан мунтазам равишда “Тавсия этамиз” номли медиалойиҳа ҳам тайёрланмоқда. У орқали ёзувчи, шоир, олим, санъат ва маданият вакиллари ўзлари севиб мутолаа қиладиган адабиётларни мазмун жиҳатдан қисқача шарҳлаб, ўқувчиларга тавсия этади.
Китоб тарғиботига қаратилган лойиҳаларимиздан яна бири — “Китоблараро 80 кун” деб номланган. Марказнинг “Ойина.уз” портали томонидан ўтказилган 4 босқичли ушбу марафонда жами 36 026 нафар иштирокчи қатнашди. Салкам уч ой давомида ёшлар биргаликда замонавий ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарини мутолаа қилишди, мазмунан мушоҳада юритишди. Босқичларда ҳар бир берилган асар бўйича тестдан ўтди, илмий-ижодий ёндашувга асосланган тақризлар ёзишди, аудио-мулоқот ташкил қилинди. Ва танлов сўнгида ҳақиқий китобсеварлар эътироф этилди.
Бугунги кунда Марказ фаолиятида замонавий QR кодли китоблар тайёрланишига ҳам кенг ўрин берилган. Жумладан, 8 тилда “Буюклар ҳақида 100 та факт” номли китобча чоп қилинди. Унда буюк аждодларимиз махсус QR код ва сунъий интеллект ёрдамида жонлантирилди.
Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган 23 нафар аскар ва зобит қаҳрамонлигига бағишланган “Миллат фидойилари” номли китоб-альбом, “Она юрт фидойилари” туркуми остида жадид боболаримизнинг асарлари нашр этилди.
Қисқача айтганда, Марказнинг китоб тарғиботига қаратилган ҳаракатлари кучайса кучаядики, ҳеч ҳам сусаймайди.
Кайфиятдаги кўтаринкилик, руҳиятдаги ижобий ўзгариш бизнинг ҳаётимиз, кундалик фаолиятимиз, режаю мақсадларимизда намоён бўлади. “Кинокарвон” лойиҳамиз сабаб маърифат тарғиботчилари, санъат ва маданият намояндалари, таниқли ижодкорлар энг олис ва чекка қишлоқларда бўлмоқда. Лойиҳа доирасида миллий фильмларимиз кенг намойиш этилмоқда.
Огоҳлик — давр талаби
Биз айни паллада рақамли даврда яшаяпмиз. Шунга монанд Марказ ўтган давр мобайнида замон талабидан келиб чиқиб, ўз фаолиятининг 70 фоизини рақамли тарғиботга йўналтирди. Марказдаги Рақамли тарғибот лабораториясида турли мавзулар, долзарб масалалар юзасидан медиамаҳсулотлар, ижтимоий видеороликлар, подкастлар, ҳужжатли фильмлар, анимациялар тайёрланмоқда ва телеканаллар, ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчиликка тақдим этиб келинмоқда. Биз миллий контентлар тайёрлашда айнан жамиятдаги етилган масалалар, инсонларни ўйлантираётган муаммоларга мурожаат қиляпмиз. Мисол учун, ижтимоий тармоқлардаги ахлоқсизлик, ҳаёсизлик тарғиб этилаётган видеолавҳалар, бемаъни чиқишлар, турли маросимларда меъёрни бузиш, атроф-муҳитга лоқайдлик, бепарволик, бизни кемираётган иллатлар, “оммавий маданият” кўринишлари масалаларида маънавият тарғиботчилари, зиёлилар иштирокида чуқур таҳлилий, танқидий муносабатлар билдирилмоқда. Қисқаси, рақамли тарғиботда бир жиҳатдан тарбиявий аҳамияти юқори, қадриятларимиз улуғланувчи, маънавий руҳга тўйинган медиамаҳсулотлар ишлашга эътибор қаратилаётган бўлса, яна бир томондан муаммоли масалалар борасида жамоатчилик мушоҳадага чорланяпти.
Яна бир муҳим масала: тан олишимиз керак, таълим муассасаларида ташкил қилинаётган аксарият маънавий-маърифий тадбирлар мақсадсиз, ёшлар учун зерикарли тус олган эди. Олий Мажлис Сенатининг сентябрь ойидаги ялпи мажлисида талабалар ўртасида жиноятчиликнинг ошиб бораётгани юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирига парламент сўрови юборилди. Бу ҳол бизни ҳам ҳушёрликка чорлайди. Мазкур масалада ўзига хос ечим қилинди. Яъни таълим даргоҳлари учун маънавий-маърифий тадбирларнинг йиллик тақвими ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ қилиш учун тақдим этилди.
Марказ фаолиятида ўзига хос янгилик: “шахс — жамият — давлат — минтақа” кесимида янги мафкуравий мўлжалларни жорий этишга қаратилган 4 та лойиҳа офиси, яъни Янги миллий руҳиятни шакллантириш, Жамият бирдамлигини таъминлаш, Давлат халқчиллигини мустаҳкамлаш ва Минтақавий якдилликка эришиш бўйича лойиҳаларни мувофиқлаштириш бўлимлари ташкил этилди. Қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда турли йўналишда тайёрланаётган лойиҳалар ижтимоий фаолликни оширишга, дахлдорлик ҳиссини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятли. Эътиборлиси, “Зиёлилар овози”, “Мамлакатимизда волонтёрлик фаолиятини ривожлантириш”, “Хизмат ва шахсий ҳаёт ўртасидаги маромийликни таъминлаш”, “Ишонч мактаби: ўз-ўзини баҳолаш ва ўзини ифода этиш кўникмаларини ривожлантириш”, ”Интизомлилик асослари: болаликдан бошлаб тарбия”, “Ота-оналар масъулияти: тарбия жараёнида фаол иштирок” каби лойиҳалар кенг жамоатчиликнинг фикрлари, таклифлари асосида тайёрланмоқда. Бу лойиҳалар ўз самарасини беради, деб ишонамиз.
Олдимизга улкан режа ва мақсадлар қўйилган. Демакки, мамлакат зиёлилари салоҳияти ҳамда ёшларнинг креатив ғояларига асосланган ҳолда Марказ ўз фаолиятини замонавий ёндашув, ўзига хос тарғибот усуллари билан юқори даражада давом эттиради.
Отабек ҲАСАНОВ, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг