Мактаб ўқувчиси “Ақлли иссиқхона” лойиҳасини ишлаб чиқди

11:29 05 Сентябр 2025 Жамият
128 0

Учқўрғон туманидаги 25-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси Диёрбек Қўқонбоевнинг аниқ фанлар, айниқса, физикага қизиқиши баланд. Унинг айни йўналишдаги изланишлари маҳсули — янги қурилма қишлоқ хўжалик маҳсулотларини йил давомида етиштиришнинг замонавий усули бўлган иссиқхонанинг янада такомиллашган нусхасини тақдим этади.  

— Бугунги кунда дунёнинг ривожланган давлатларида “ақлли иссиқхона” технологиялари кенг қўлланилмоқда. Илмий тадқиқотларга кўра, томчилатиб суғориш, автоматлаштирилган ҳарорат ва намлик назорати, шунингдек, селекция асосидаги ҳосилдор навлардан фойдаланиш орқали пировард натижани 2–3 баробар ошириш мумкин, — дейди иқтидорли ўқувчи.

Диёрбекнинг қурилмаси ҳам айнан шу тамойилларга таянган бўлиб, унда томчилаб суғориш ва ўғит интеграцияси асосида масофадан бошқариш тизими жорий этилган. Амалий синовларда ушбу мослама кичик ҳажмда бўлса-да, 15 килограммгача ҳосил етиштириш имконини бергани эътиборга молик.

Ёш муҳандис ўз қурилмасида “Кросс Ф1” навли помидор уруғини экиб, йилига икки маротаба ҳосил олишга муваффақ бўлди. Ҳозирда у тумандаги томат ишлаб чиқарувчи корхона билан шартнома асосида бир сотих майдонга помидор экиб, 1,5 тонна ҳосил олиш имкониятини синаб кўрмоқчи.

Ўқувчининг лойиҳаси қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва ресурсларни тежашга хизмат қилиб, маҳаллий шароитга мослаштирилган, иқтисодий жиҳатдан тежамкор ҳамда келажакда кенг жорий этилиши мумкин бўлган технология сифатида муҳим аҳамият касб этади. Ёш иқтидор эгаси инновацион “Ақлли иссиқхона”сини яқин вақт ичида патентлаштириш ҳаракатида.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи».  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер