Мактаб очган биринчи жадид

16:32 19 Сентябр 2024 Жамият
395 0

Абдулазиз Йўлдошев/“Халқ сўзи”. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими ва Жомбой туман ҳокимлиги ҳамкорлигида маърифатпарвар аллома, жадидчилик ҳаракатининг йирик намоёндаси – Саидаҳмад Сиддиқий-Ажзий таваллудининг 160 йиллиги нишонланди. Ушбу сана муносабати билан Жомбой туманида таълим соҳаси вакиллари, фуқаролар ва ёшлар иштирокида “Саидаҳмад Сиддиқий-Ажзий ва унинг адабий мероси” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Тадбир тумандаги муқаддас қадамжо – Имом Шамсулайимма Абдуллазиз ибн Аҳмад – Ҳолвойи мақбараси зиёрати билан бошланди. Ислом тарихи бўйича мутахассис, “Шайх Худойдод Вали” жоме масжиди имом-хатиби Анвар Аҳмедов қишлоқнинг минг йиллик тарихи, унда етишиб чиққан алломалар ҳақида сўз юритди.

Анжуман Ажзий томонидан шу қишлоқда бундан 120 йил аввал барпо этилган, Марказий Осиёдаги илк ва замонавий мактабда давом этди. Адабиётшунос олимлар, таниқли шоир ва ёзувчилар буюк аллома, жадидчилик намояндаси ҳаёти ва ижодига бағишланган музей фаолияти билан танишди.

Саидаҳмад Сиддиқий-Ажзий ХIХ аср охиридаёқ техникадан яхшигина хабардор бўлган, дунё кўрган маърифатпарвар эди. У араб, рус, форс тиллари билимдони, шоир ва таржимон сифатида матбуотда фаол бўлган. Дарсликлар яратган, ўқитувчилик қилган. Аллома 1917-йил февраль инқилобидан кейин ижтимоий ҳаракатларда ҳам бевосита иштирок этади. Вилоят адлия комиссари ўринбосари лавозимида ишлайди. Унинг барча асарларида “Нажот фақат илмда” деган ғоя илгари сурилади. Самарқандда ўзбек ва тожик тилларидаги “Машраб”, “Мулла Мушфиқий” каби ҳажвий журналларни, “Зарафшон” газетасини чиқаришда фаол иштирок этган. “Майна”, “Гинагина”, “Шашпар”, “Тир”, “Гумном”, “Олмос” имзолари билан ҳажвий асарлар ёзган. Уларда шўро тузумида юз бераётган ўзгаришларни хушламаслик, келажакдан хавотирланиш кайфиятлари сезилади.

1903 йилда Ҳалвойи қишлоғида шоир қурдирган мактаб бугун ҳам бор. 2022 йилда Саидаҳмад Сиддиқий-Ажзийнинг “Танлаган асарлар” китоби чоп этилди.

— Саидаҳмад-Сиддиқий Ажзий бобомиз жомбойликлар қалбига чексиз фахр-ифтихор бағишлайди, — деди туман ҳокими Қаюм Собиров. — Ҳазратнинг хизматлари олдида ўзимизни маънавий қарздор ҳис қиламиз. Жорий йил улуғ бобомиз таваллудларига 160 йил тўлмоқда. Ушбу сана муносабати билан ўтказилаётган мазкур анжуман ана шу бурчимизни бажариш, алломанинг илмий-адабий меросини чуқурроқ ўрганиш, фарзандларимизга ўргатиш йўлидаги кичик қадамдир.

Бундай аждодларимиз шахсини ёшлар, юртдошларимизга яқиндан танитиш мақсадида туман марказидаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёт мактабида ташкил этилган илмий-амалий анжуманда бир гуруҳ алломалар, шоир ва ёзувчилар жадидчи маърифатпарварнинг ҳаёт ва ижод йўли, ибрат мактаби ҳақида батафсил гапириб берди. Жадид бобомизнинг келажак авлодга қолдирган бой мероси илмий таҳлил қилинди.

Анжуман иштирокчилари маҳалладаги қадимий тарих гувоҳи бўлган 1250 йиллик чинор соясида маърифат, ижод ҳақида аҳоли вакиллари билан мазмунли суҳбат қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?