Маданият ва санъат ходимлари куни кўтаринки руҳда нишонланди

12:15 16 Апрель 2025 Жамият
128 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Нукус шаҳридаги Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида «Маданият ва санъат ходимлари куни» муносабати билан тантанали байрам кечаси бўлиб ўтди. Тадбирда «Турксой» халқаро туркий маданият ташкилоти бош котиби Султанбай Раев, дунёга машҳур француз дирижёри Натали Марен ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан табриклади.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга, соҳа ходимларига қулай шарт-шароитлар яратишга ва уларнинг хизматларини муносиб баҳолашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Азалдан санъат ва маданият инсонларни доимо эзгуликка, хайрли ишларга етаклаб келган. Зеро, жамият тараққиётида, кўп миллатли халқимизнинг маънавий оламини бойитишда, айниқса, юртимизни дунёга танитишда маданият ва санъатнинг тутган ўрни алоҳида ҳисобланади.

Тантанали тадбир давомида «Турксой» халқаро туркий маданият ташкилоти ходимлари, юртимизнинг бир қатор соҳа фидойиларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан мукофотлар топширилди. Қорақалпоғистонлик соҳа ходимлари «Турксой» халқаро туркий маданият ташкилотининг медали билан тақдирланди.

Истеъдодли хонадалар ва санъаткорларнинг чиқишлари байрамга ўзгача завқ бағишлади. Шу тариқа Маданият ва санъат ходимлари кунига бағишланган тадбир Нукус шаҳрида кўтаринки руҳда кенг нишонланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?