Криштиану Роналду бу кунни 21 йил, 10 ой ва 29 кун кутди

09:48 06 Сентябр 2024 Спорт
733 0

Португалиялик супер юлдузи Криштиану Роналду терма жамоасининг УЕФА Миллатлар лигаси доирасида Хорватияга қарши ўйинида фаолиятидаги 900-голини уриб, муҳим маррага эришди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.

Роналдунинг голи нафақат ўзи учун, балки терма жамоаси учун ҳам муҳим бўлди. Бу гол орқали португаллар Модрич бошчилигидаги Хорватияни 2:1 ҳисобида мағлуб қилди. Беш карра «Олтин тўп» соҳиби голдан кейин кўзёшларини яшира олмади.

Роналду тарихдаги расмий ўйинларда 900 та гол урган биринчи инсонга айланди. Бундан ташқари, унинг терма жамоадаги голлари сони ҳам 131 тага етди ва бу ҳам рекорддир. Шунингдек, у клубдаги фаолияти давомида 769 та гол урган. Бу ҳам футбол тарихидаги энг юқори кўрсатгичдир.

Ўйиндан сўнг Роналду 900 голга эришиш ортидаги машаққатли меҳнатни эътироф этиб, ушбу муҳим босқич у учун қанчалик муҳимлигини айтди. У жисмонан ва руҳан бақувват бўлса, бу рақамга етишини ҳар доим билишини айтди. Португалиялик юлдуз ўзининг навбатдаги мақсадига ҳам шама қилди — фаолиятидаги 1000 та голга эришиш.

Роналду «Спортинг»да фаолиятини бошланган, сўнгра «Манчестер Юнайтед»да самарали фаолият олиб борган. Унинг энг сермаҳсул клуби, шубҳасиз, «Реал Мадрид» бўлиб, 900 та голининг 451 тасини айнан шу жамоа сафида киритган.

Криштиану Роналду илк профессионал голини 2002 йил 7 октябрда «Спортинг» сафида Португалия Примера лигаси доирасидаги «Морейренсе» клубига қарши ўйинда киритганди. У фаолиятидаги 900 голини эса 5 сентябрь 2024 йилда, биринчи голидан 21 йил, 10 ой ва 29 кун ўтгач киритишга эришди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?