“Креатив парк” фойдаланишга топширилди

15:23 12 Февраль 2024 Жамият
787 0

Бухоро шаҳридаги кўҳна Ширбудин маҳалласида ёшлар “Креатив парк”и ташкил қилинди.

Бу манзил шаҳарнинг қадимий гўшаларидан саналади. 1860–1885 йилларда ҳукмронлик қилган Амир Музаффархон томонидан мазкур масканда боғ, ёзги сарой, масжид барпо этилган. Кўркам ва тароватли гўшада Наврўз сайллари, базмлар ўтказилган. XIX асрнинг 70 йилларида маҳаллий усталар томонидан шарқ ва Европа меъморчилиги анъаналари уйғунлашган қўшимча бинолар қад ростлаган.

Тарихчиларда, жумладан Бухорога 1888 йилда келган фотограф Дмитриев-Кавказскийда Ширбудин саройи жуда катта таассурот қолдирган. Сайёҳ бу ҳақда алоҳида ёзиб қолдирган.

Таассуфки, қаровсизлик, эътиборсизлик оқибатида йиллар ўтиб, бу маскан таназзулга юз тутди. 1950 йилларда Ширбудин саройи буткул вайрона ҳолга тушди. Унинг ўрнида ҳозир собиқ сув хўжалиги ташкилоти биноси бор. У айни дамда маҳалла маъмурий биноси вазифасини ўтамоқда.

Буни қарангки, ўша суронли йиллардан фақат боғ соғ-омон қолди. Замона зайли билан ”Сувчилар боғи” деб аталган бу гўша ҳам эътиборга, қаровга муҳтож ҳолга келганди.

— Президентимиз раҳбарлигида 2023 йилнинг 11 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг иқтидорини қўллаб-қувватлашга керакли шарт-шароитлар яратиш мақсадида ҳар бир ҳудудда биттадан “Креатив парк” яратиш масаласи қўйилган эди, — дейди Ширбудин маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Моҳира Файзуллаева. — Шундан келиб чиққан ҳолда вилоят ҳокимлиги томонидан маҳалламизда кўркам маскан барпо этилди. Фуқароларимиз, айниқса, ёшлар бу қулайликлардан бениҳоя хурсанд бўлишмоқда.

Масканда сунъий қопламали футбол майдончаси, воркаут, айвонли ўриндиқ, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка каби спортнинг бир қатор турлари билан шуғулланиш, семинар ва тренинг машғулотларда қатнашиш учун шарт-шароитлар яратилди. Нафақат ёшлар, балки аҳоли барча қатламининг бўш вақтини сермазмун ўтказиши учун қулайликлар муҳайё этилди. Қурилиш-бунёдкорлик ишларига 2,3 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Таъкидлаш керакки, мазкур маҳаллада 8 минг 200 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 3200 нафарини ёшлар ташкил этади.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер