«Космик шўрва» назарияси: Ерда атмосфера қандай пайдо бўлган?
Япон олимлари Ердаги ҳаётнинг пайдо бўлиш сирини тушуниш учун қадимги Ер атмосферасини ўхшаш симуляция моделини яратишди. Тўхоку, Токио ва Хоккайдо университетлари олимлари қўшма ишланмаларда гидроген ва метан каби моддаларнинг УФ-нурланиш таъсирида органик моддаларга айланишини ўргандилар. Улар Ернинг қадимги атмосфераси Венера ва Марсга ўхшаганини аниқлашди. Бу ҳақдаги тадқиқот «Astrobiology» журналида чоп этилди.
УФ-нурланиш (ультрафиолет нурланиш) — бу электромагнит нурланишнинг кўзга кўринмайдиган тури бўлиб, унинг тўлқин узунлиги 10 нанометрдан 400 нанометргача бўлади.
Тадқиқотда таъкидланишича, қадимги Ер бугунги ҳаётбахш муҳитга ўхшамаган. Шунго Кояма (Тўхоку университети)нинг сўзларига кўра, қадимги Ер атмосфераси метан ва гидроген билан бой бўлган. Ушбу моддалар УФ-нурланиш таъсирида биологик ҳаётнинг асосий бўлаклари — аминокислоталар ва нуклеин кислоталарга айланиши мумкин бўлган органик моддаларни ҳосил қилган.

Шунга қарамасдан, қадимги УФ-нурланишнинг ролини аниқлашда қийинчиликлар юзага келган. Биринчидан, қадимги атмосфера беқарор бўлиб, тез ўзгарувчан бўлган. Иккинчидан, УФ-нурланиш сув буғининг оксидлашувига сабаб бўлган, бу жараённинг аниқ миқёси ва вақтини аниқлаш қийин.
Модел ҳисоб-китобларига кўра, гидроген асосан фазога сингиб кетган, метандан ҳосил бўлган ацетилен эса УФ-нурланишни тўсиб қўйган. Бу эса сув буғининг оксидлашувини камайтириб, органик моддаларнинг ҳосил бўлишини оширган. Тадқиқотчилар фикрича, Ернинг қадимги юзасида юзлаб метр қалинликда органик моддалар қатлами ҳосил бўлиши мумкин.
Ушбу «космик шўрва» ҳаётнинг илк манбаи бўлган бўлиши мумкин. Тадқиқотчи Тацуя Ёшидага кўра, бу органик қатламлардан биологик ҳаётнинг илк белгилар пайдо бўлган. Тадқиқот натижалари Ер ва қўшни Венера ҳамда Марс каби сайёралар атмосферасининг умумий ҳамда фарқли жиҳатларини тушунишда ёрдам беради.
Қадимги Ер атмосферасини ўрганиш нафақат ўз сайёрамизнинг эволюциясини, балки бошқа сайёраларда ҳаётнинг пайдо бўлиш эҳтимолини тушуниш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Илмий жамоа Ернинг қандай қилиб бошқа сайёралардан тубдан фарқ қилувчи муҳитга эга бўлганини тушунишга интиляпти. Ушбу тадқиқот ҳаётнинг келиб чиқишини аниқлашда янги йўналишларни очиши мумкин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг