Конституция – «Инсон – Жамият – Давлат» тамойилларини мустаҳкамловчи асосий куч

14:30 08 Декабрь 2025 Жамият
200 0

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойишига мувофиқ, юртимизда «Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!» деган ғоя асосида Бош қомусимизнинг 33 йиллиги кенг ва кўтаринки руҳда нишонланмоқда.

Конституция — ҳар бир давлатнинг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳаётини белгилаб берадиган энг олий ҳуқуқий ҳужжатдир. У нафақат давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тартибга солади, балки жамиятнинг ижтимоий тузилмаси, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, давлатнинг инсон олдидаги бурч ва мажбуриятларини ҳам аниқ белгилаб беради. Шу боис Конституция замонавий давлатлар тараққиётида барқарорликни таъминлайдиган бош мезон сифатида эътироф этилади. Шу сабабли Конституция замонавий давлатлар тараққиётида асосий барқарорлаштирувчи куч сифатида қаралади. 1992 йил 8 декабрь санасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши муҳим сиёсий, ҳуқуқий ҳужжат сифатида жаҳонда янги, суверен, истиқболи порлоқ давлат дунёга келганининг ўзига хос тарихий шаҳодатномаси бўлди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси — диёримиз мустақиллигининг ёрқин тимсоли, бахтимиз қомуси, халқимизнинг ор-номуси ҳисобланади. Зеро, унинг ҳар бир моддаси, ҳар бир бандида нафақат халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган меъёрлари, балки миллий бағрикенглик, адолат ва инсонпарварлик тамойиллари ҳам ўз ифодасини топган. Бу муқаддас қомус халқимизнинг азму шижоати, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишга бўлган қатъий интилишининг амалдаги кафолатидир.

2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган тарихий референдум натижасида эса Конституциянинг янги таҳрири маъқулланди. Янги таҳрирдаги Асосий қонунимиз 6 бўлим, 27 боб, 155 та моддадан иборат бўлиб, ундаги нормалар сони 275 тадан 434 тага етди. Натижада Конституция мазмуни қарийб 65 фоизга ўзгарди ва энг муҳими, юртбошимизнинг сиёсий иродаси, халқимизнинг бевосита таклиф ва ташаббуслари асосида «Халқ Конституцияси» сифатида янгиланди.

Конституциянинг янги таҳрири қабул қилинганидан кейин, унда белгиланган нормалар жамият ҳаётининг барча жабҳаларида чуқур амалий мазмун касб этмоқда. Мазкур ҳужжат инсон қадри, унинг шаъни ва ҳуқуқларини олий қадрият сифатида эътироф этиш тамойилини янада мустаҳкамлади. Шу боисдан ҳам «Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!» деган ғоя нафақат баёнот, балки давлатимиз сиёсатининг моҳиятини ифодаловчи бош тамойилга айланди.

Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “янгиланган Конституциямизнинг чинакам муаллифи халқимиз бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор. Энг муҳими, энди ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, «инсон – жамият – давлат» деган янги тизим асосида фақат ва фақат олдинга қараб борамиз”. Ушбу ўзгаришлар Ўзбекистоннинг замонавий ривожланишига, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва демократик институтларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Халқаро ҳамжамият намояндалари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотнинг амалий ифодаси, бетакрор тажрибаси юқори баҳоланмоқда Ўз ўрнида Конституциямиз яратиб берган кенг кўламли ҳуқуқий имкониятларнинг самараси бўлган ютуқ ва натижалар барчамизга албатта юксак ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Дарҳақиқат, Конституция жамиятимизнинг барча соҳаларини, шу жумладан иқтисодиёт, сиёсат, маданият, спорт, санъат ва таълимни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда ушбу ҳужжат бизнинг ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган бўлиб, давлат бошқарувининг барча йўналишларида ҳал қилувчи ўрин тутмоқда.

Асосийси, мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳот юқори баҳоланиб, бу борада Ўзбекистоннинг тутган йўли дунё ҳамжамияти томонидан ҳам тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. Бу эса нафақат мамлакатнинг ички сиёсий барқарорлигини мустаҳкамлайди, балки унинг халқаро майдондаги обрўси ва ишончлилигини янада оширади.

Конституцияда жамиятнинг ҳар бир аъзоси учун муносиб ҳаёт шароити яратиш, ижтимоий адолатни таъминлаш, иқтисодий имкониятларни кенгайтириш, давлат бошқарувини халқ манфаатларига хизмат қиладиган тизимга айлантириш бўйича аниқ ҳуқуқий йўналишлар белгиланган. Хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик, ижтимоий ҳимоя каби соҳаларда давлат мажбуриятларининг кенгайтирилгани юртимизда инсон капитали ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради.

Янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган. Конституциянинг 42-моддасида фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқига оид нормалар такомиллаштирилди, 50-моддасида таълим олиш ҳуқуқи, 58-моддасида гендер тенглиги сиёсати яна бир бор мустаҳкамланди. XIII бобида “Фуқаролик жамияти институтлари”, деб номланади. Мазкур боб 7 та муҳим моддадан иборат бўлиб, 130 дан ортиқ миллат ва элатлар яшовчи Ўзбекистонда ҳар бир фуқаронинг ҳаётига, унинг фаровонлигига ва шахсий хавфсизлигига давлат томонидан кўрсатиладиган эътибор алоҳида ҳуқуқий ваколат билан мустаҳкам таъминланган. Шу билан бирга, у мамлакатимизда яшовчи ҳар бир инсоннинг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳимояланганлигини қонуний жиҳатдан кафолатлайди. Бундан ташқари Бош қомусимизда фуқаролар тенглиги тамойили кафолатлангани, мамлакатимизда кейинги йилларда ҳуқуқ ва имкониятлар тенглигини амалда таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар замонавий демократик тараққиётга хизмат қилмоқда. Бу «Инсон қадри учун» деган устувор тамойилни рўёбга чиқаришда пойдевор вазифасини бажармоқда. Ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизимини яратиб бериш ҳаётий мақсадга айланди. Бу, авваламбор, мансабдор шахсларнинг ҳам, фуқароларнинг ҳам Конституцияни билишларини қатъий талаб этади. Юксак ҳуқуқий маданиятсиз Конституциянинг бой салоҳиятини тўлиқ амалга ошириш мумкин эмас. Аммо Конституцияни билишнинг ўзи билан ҳам кифояланиб бўлмайди. Шу боис жамиятда конституциявий маданиятни шакллантириш устувор аҳамият касб этади.

Мухтасар айтганда Конституциямизда давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий мафкураси, халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар қатъий белгилаб берилгани бу фикрнинг яққол исботидир. Бугун биз шу юксак қадриятлар, эркинлик, тенглик ва ҳар томонлама адолатли жамият барпо этиш йўлидан борар эканмиз, аввало, келгуси авлодни она Ватанга муҳаббат жонажон Ўзбекистонимизга садоқат руҳида камол топтиришда янада масъулият билан ёндашишимиз лозимдир. Шу нуқтаи назардан қараганда, янги Конституция – Янги Ўзбекистоннинг демократик, адолатли ва тараққий этаётган давлат сифатида шаклланиши йўлида мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор ва миллий юксалишнинг яққол ифодаси сифатида қадрли эканини намоён этади.

Феруз Ҳакимов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси таянч докторанти,

“Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер