Киши топса ҳамдардини ногаҳон...

11:22 10 Февраль 2022 Маданият
1277 0

Фото: Архив сурат

Сўз — инсон руҳининг жони. Танида жони бўлган инсон борки, сўзга талабгор. Сўз ўлик танни тирилтиради. Тирикни ўлдира олади. Алишер Навоий коинотни сўз майи тўлдирилган хум деб тасвирлайди. Бу майдан бир қатра ичган инсоннинг ичига тўлқин ва жўшиш киради. Шоир ўзини ана шу майдан баҳраманд бўлгани хусусида ҳам таъкидлаб ўтади.

Улуғ шоирнинг Сўзи беш асрдан ўтиб, олтинчи асрга қараб кетаётган вақт оқими бўйлаб музаффар ва фатҳ билан сузиб бормоқда. Унинг каломи Сўзга ошуфта ҳар қандай қалбни забт этмоқда. Бунинг сири нимада? Қай сабабга кўра буюк мутафаккир оламига қадам қўйган ёхуд бироз яқинлашган инсон бу зотнинг сўзларига асир бўлади?

Бунга икки сабаб топгандекмиз: биринчиси, Алишер Навоий сўзлари тирикдир. У ўзи ҳис этган ва туйган дардни қоғозга туширди. Ёлғон гапирмади. Ичида йўқни бор дея тингловчини алдамади. Шунинг учун одамлар Алишер Навоийни тушунмаса ҳам, унинг шеърияти, асарлари қаршисида ихтиёрий равишда эҳтиром кўрсатади. Иккинчиси, мутафаккир асарлари ғоясининг умрбоқийлиги. Шоир мавжудликни мангуликда идрок қилади. Унинг эътиқодига кўра, олам мангулик узра қурилган кичик бир саҳнадир. Мангулик ҳам, олам бир Зотга хосдир. Инсон олам — дунё ичида яшайди ва чинакам ҳаётга қадам қўяди. Бу ҳаётда у Яратган бирла юзма-юз бўлади. Яратганнинг ҳузурига бормоқ учун Одам боласи турли хато ва гуноҳлардан покланиши ва ўзининг Яратганга нечоғли муҳтож эканлигини ҳис этиши, муҳаббатини туйиши ва севишни ўрганиши, севиши шарт. Тириклик мақсади шудир. Қолган барча эзгуликлар — адолат, садоқат, карам, эҳсон, мардлик, ростгўйлик ва бошқа фазилатлар ана шу мақсад илдизидан ўсиб чиқади.

Алишер Навоий икки қатордан иборат бўлган фардларидан тортиб, рубоий, туюқ, ғазал ва достонларигача — барчасида ўзи яшаган ғоянинг турли қисмларини санъаткорона ифодалайди. Натижада ҳазрат асарларини ихлос ва муҳаббат, ишонч ва эҳтиром билан қўлга олган ҳар бир китобхон, ўқувчи ўзини қийнаган саволларга жавоб топади, топган жавобларидан қалбида ҳаловат уйғонади, мутафаккирнинг ўгитлари биз яшаётган ҳаёт учун ўта долзарб эканлигига ишонади.

Буюк мутафаккир асарларини тўкис ўқитиш билан пок ва мустаҳкам иймон соҳиби бўлган комил шахсни тарбиялаш мумкин. Унда инсонда топилиши мумкин бўлган барча яхши сифатлар, гўзал хулқлар жам бўлади.

«Садди Искандарий» достонида Алишер Навоий Искандар Зулқарнайннинг ҳаётини ҳикоя қилган. Асар фақат воқеалар баёнидан иборат эмас, балки шоир ҳар бобда рўй берган ҳодисага доир бирор муаммони ўртага қўяди, бу муаммога жавоб беради. Бу жавоб ҳикмат деб аталади. Сўнг ҳикматни аниқ ва равшан етказиш учун ҳикоят келтиради.

Алишер Навоий сўзи ва ундаги ҳикматлар долзарблигининг намунаси сифатида «Садди Искандарий»дан бир ҳикоят билан танишиб чиқиш кифоя.

Ҳаётимизга назар солсак, инсонни ёлғизлик ва қайғу ичида кўрамиз. Ёлғизлик ва қайғунинг давоси эса дўстлар дийдори ва суҳбатидир. Ғараз ва кирликдан холи бўлган дийдор ғамларнинг шифоси, умрлар қувончидир. Лекин бир жумбоқ туғилади: нима учун инсонларнинг барчаси дўст бўла олмайди? Нима учун одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб бирлашадилар? Икки инсонни ўзаро яқинлаштирувчи омил нима? Бу саволларга жавоб тарзида Алишер Навоий шундай ҳикоятни келтиради: бир нотавон инсонга жуда кўп азоб ва ранжлар етди. Бир куни унга туҳмат қилишди ва қўлини кесишди. Бу жуда катта зулм эди. Лекин сас чиқармади. Бутун қўлига кесилган қўлини олиб одамлар ичидан чиқиб кетди. Халойиқ орасида бир соҳибдил инсон бор эди, у қўли кесилган мазлумнинг ҳолатидан ҳайрон бўлди ва унинг ортидан кузата бошлади. У мазлумнинг ҳолати сирига тушунмоқ истарди. Туҳматга қолган мазлум одамлардан узоқлашиб борарди:

Чу мазлум чиқти улусдин қироқ

Ки, чиқмоқ улусдин қироқ яхшироқ.

Узоқдан бир вайрона кўринди. Унинг ичида бир неча дардмандлар бўлиб, уларнинг барчаси худди шу мазлум каби азоб тортган одамлар эди. Уларнинг олдига боргач, туҳматга қолган бечоранинг бағрига найза санчилгандек бўлди ва кесик қўлини отиб юбориб фарёд урди, ўтирганлар орасида ҳам ғавғо кўтарилди:

Кесук илгини ташлабон чекти вой,

Алар ичра ҳам тушти кўп ҳой-ҳой.

Улар бир-бирларини қучоқлаб можаро қилдилар, кўзларидан ёш тўкдилар, дардсиз эл ичидан ажралиб чиққан мазлум ўз дардкашлари ҳузурига келган эди. У сўз айтмаса ҳам у каби зулм кўрганлар оламига олов тушди. Киши ногаҳон ўз ҳамдардини топса, дардини яширишга унинг кучи етмайди, имкони қолмайди:

Киши топса ҳамдардини ногаҳон,

Не имкон ниҳон дарди қолмоқ ниҳон.

Шоир ҳикоятдан кейин айтадики, инсонларнинг ўзаро яқин бўлишлари, қалблар ўртасида муҳаббатнинг уйғониши уларнинг тақдирида битилган.

Инсоннинг буюклиги унинг қалбидаги дардининг буюклиги билан баробар, дард улғайгани сари инсон ҳам юксалади, чинакам дарднинг манбаи, булоғи эса ҳақиқатдир. Бу дарднинг давоси инсонларга қайғуриш, уларга ғамхўрлик қилиш, муҳаббат кўрсатиш, фидойилик, ўз нафси ҳақида ўйламаслик, оламларни Яратган олдида таслим бўлишдир.

Алишер Навоий айтган сўзларда қалбни поклайдиган, жасоратга ўргатадиган, ҳаёт маъносини англатадиган ана шундай ҳақиқатлар билан қайта-қайта юзлашамиз.

Акром МАЛИК,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили

ва адабиёти университети докторанти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер