Киберҳужумлар авж олмоқда — шубҳали файлни очманг

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда киберхавфсизликка жиддий таҳдид пайдо бўлди. Telegram ва бошқа мессенжерлар орқали турли зарарли файллар тарқатилмоқда. Улар асосан .exe, .vbs, .bat, .cmd, .sh каби компьютер файли ёки мобил қурилмалар учун .apk кўринишида бўлади. Шундай файлларни очишингиз билан қурилма назоратини йўқотиш, шахсий маълумотларингиз ўғирланиши, ҳатто Telegram’ингизга кириш имкониятидан маҳрум бўлиш хавфи мавжуд. Айрим ҳолларда бундай файллар таниқли шахс ёки дўстингиздан келгандек кўринади, лекин улар ортида фирибгарлар турган бўлади.
Киберҳужумчилар кўпинча одамларни алдаш учун сохта ҳаволалардан, “captcha” саҳифаларидан ёки сохта трейдерлар ва хизматлардан фойдаланишади. Улар фойдаланувчини махсус буйруқни ишга туширишга мажбурлайди ва шу орқали тизимга кириб олади. Android қурилмаларида эса ёлғон иловалар орқали зарарли дастурлар ўрнатилади. Улар SMS-кодларни ўғирлайди, банкинг маълумотларига кириб олади ёки қурилмани тўлиқ назорат қилади. Ўзбекистонда шундай ҳолатлар қайд этилган ва айрим ҳолларда жиноятчилар ушлангани ҳақида расмий ахборотлар ҳам тарқатилган.
Мутахассислар энг аввало фойдаланувчиларни шубҳали файлларни очмасликка чақирмоқда. Файл танишингиздан келса ҳам унинг ҳақиқийлигини мустақил манба орқали текшириш зарур. Мобил қурилмаларга дастурларни фақат расмий дўконлардан — Google Play ёки App Store’dan юклаб олиш мумкин. Операцион тизим ва антивирус доим янгиланиб туриши шарт, чунки улар сизнинг қурилмангиздаги катта хавфларни олдини олади. Шунингдек, электрон почта ва ижтимоий тармоқларда икки босқичли ҳимояни фаоллаштириш тавсия этилади.
Агар шубҳали файлни очиб қўйган бўлсангиз, қурилмани интернетдан узинг, яқинларингизга ҳам бу ҳақда хабар беринг ва мутахассисларга мурожаат қилинг. Банк хизматлари билан боғлиқ муаммо юзага келса, дарҳол карта ва ҳисобларни блоклаш чорасини кўриш зарур. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳушёрлик ва эҳтиёткорлик — сизнинг асосий ҳимоя воситангиз.
Киберхавфсизлик бўйича мутасаддилар таъкидлаганидек, фуқаролар орасида огоҳликни ошириш энг муҳим чора ҳисобланади. Шу мақсадда турли олийгоҳ ва маҳаллаларда “Хавфсиз кибермакон” шиори остида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Талабалар ва ота-оналарга кибержиноятлар қандай содир этилиши ва улардан қай тарзда ҳимояланиш мумкинлиги батафсил тушунтирилмоқда. Бу эса хавфсизлик маданиятини шакллантиришга, одамларнинг фирибгарлар тузоғига тушиб қолиш эҳтимолини камайтиришга хизмат қилади.
Бир оғизда айтганда, бугун киберхавфсизлик ҳар биримиз учун ҳаётий аҳамиятга эга. Ҳушёр ва огоҳ бўлиш, ҳар қандай шубҳали файл ёки ҳаволадан воз кечиш, турли йўллар билан тарқалаётган фирибгарликларга ишонмаслик орқали ўзимиз ва яқинларимизни асраб қолишимиз мумкин.
Баходир КАРИМОВ,
Учтепа тумани ИИОФМБ ХПБ АТСЖООБ ходими,
катта лейтенант.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг