Хорватияни мағлубиятга учратдик, лекин қачон Хорватиядан кучлироқ бўламиз?
Кеча Ислом Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон U17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатининг 1/16 финал босқичида Хорватия терма жамоасини пенальтилар сериясига кўра мағлубиятга учратди.
Хорватиядек мамлакат жамоасини мағлуб этилиши барча ўзбекистонлик мухлислар учун катта шараф бўлиши мумкин. Аслида, Хорватия Ўзбекистон билан бир хил потенциалга эга мамлакат. Аҳолининг яшаш тарзидан тортиб иқтисодий имкониятларгача.
Хорватиянинг ер майдони Ўзбекистонникидан қарийб 8 баробарга кичик. Мамлакат аҳолиси эса Ўзбекистон аҳолисидан 9 баробарга кам. Ёшлар футболида кўрсатилаётган натижалар бўйича ҳам Ўзбекистон олдинроқ.
Аммо, ушбу мамлакатнинг миллий терма жамоаси сўнгги 2 та Жаҳон чемпионатида совриндор бўлди. Ушбу жамоанинг сардори Лука Модрич 2018 йил Олтин Тоʼп мукофотига сазовор бўлди. Хўш, Ўзбекистон билан бир хил потенциалга эга Хорватия бу натижаларга қандай эришди? Ўзбекистон нимани эплай олмаяпти?
Таҳлил қилинса, жуда узоқ вақтини оладиган мавзулар. Лекин битта мисол билан тушунтиришга ҳаракат қиламан.
2013 йил
2013 йил Туркияда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати мусобақаси ўтказилди. Ушбу турнирда Аҳмаджон Мусаев бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси муносиб иштирок этди ва мусобақанинг чорак финалига қадар етиб борди. Ўзбекистонни Жаҳон чемпионатида кучли саккизта мамлакат қаторидан ўрин олгани жуда катта ютуқ сифатида баҳоланди. Лекин футбол мутахассислари энг муҳим омилни ёдидан чиқаришди.
Яъни ўсмирлар ва ёшлар футболидан натижа кутиш тўғри эмас. Агар натижа қўлга киритилган тақдирда ҳам бундан кўп қувонмаслик керак. Бундай мусобақалардан асосий мақсад ёш футболчиларнинг халқаро тажрибасини ошириш ва катталар футболига киришиб кетишларига кўмаклашиш бўлиш керак аслида. Аммо, биз фақат натижадан қувондик ва асосий масалалар ёдимиздан кўтарилди.
2013 йилги мусобақага қайтсак, ушбу турнирнинг гуруҳ босқичида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Хорватия ёшлари билан тўқнаш келишди. Ўйин 1:1 ҳисобида якунланди. Ўйин “оқ бўрилар”нинг тотал устунлиги остида ўтди. Мусобақадан кейin футбол мутахассислар Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси футболчиларининг потенсиалига юқори баҳо беришди. Аммо, ўша куни бизникилардан ёмонроқ ўйнаган Хорватия ёшлари кейинчалик катта футболда муваффақиятлироқ фаолият олиб боришди.
Ўша куни Ўзбекистон U20 терма жамоаси қуйидаги таркиб билан ўйинни бошлаган эди:
Асилбек Аманов;
Сардор Раҳмонов;
Бобур Йўлдошев;
Тоҳир Шамсиддинов;
Максимиллиан Фомин;
Аббос Махситалиев;
Диёр Туропов;
Владимир Козак;
Сардор Собирхўжаев;
Жамшид Искандаров;
Игор Сергеев.
Кейинчалик, захирадан ўйинга Жалолиддин Машарипов, Абдулазиз Юсупов ва Муҳсин Убайдуллаев қўшилишди.
Энди баҳолашимиз мумкин. Ушбу футболчиларнинг бирортаси Европа TOP-5 клубларида ўйнашмади. Машарипов, Сергеев, Искандаров каби футболчиларнинг фаолияти ёрқинроқ бўлди. Аммо, улар ҳам ўзларидан кутилган ишни 5/1 ни ҳам уддалай олмадилар.
Собирхўжаев, Раҳмонов, Туропов, Убайдуллаев, Йўлдошев каби футболчилар эса Суперлига миқёсида ўз номига эга бўлган, аммо Ўзбекистон миллий терма жамоасига мос номзод бўла олмаган футболчиларга айланишди. Козак, Фомин, Махситалиев, Шамсиддинов, Юсупов каби футболчилар эса Суперлигнинг ўртамийона жамоаларидаги бир муддатли фаолиятларидан сўнг, ўзбек футболидан йўқолиб қолишди.
Хорватия терма жамоаси ўйинни қандай таркиб билан бошлаганига аҳамият берамиз:
Оливер Зеленика;
Иван Алексич;
Нико Даткович;
Жозо Шимунович;
Тони Горупец;
Филип Мрзльак;
Дарио Чанаджия;
Хрвое Миличевич;
Анте Ребич;
Марко Пьяца;
Марко Ливая.
Ушбу футболчилардан олтитаси кейинчалик Европа TOP-5 чемпионатларида фаолият олиб бордилар:
Нико Даткович — «Специя»;
Хрвое Миличевич — «Пескара»;
Дарио Чанаджия — «Специя»;
Марко Ливая — «Интер», «Аталанта», «Эмполи», «Лас-Палмас»;
Марко Пьяца — «Ювентус», «Фиорентина», «Геноа», «Торино», «Эмполи», «Шалке»;
Анте Ребич — «Фиорентина», «Лейпциг», «Верона», «Айнтрахт», «Милан», «Лечче».
Шунингдек, Оливер Зеленика, Тони Горупец, Жозо Шимунович каби футболчилар Португалия, Шотландия, Польша каби мамлакатларнинг топ клубларида тўп суришди.
Умумий қилиб айтганда, Ўзбекистонга қарши ўйинда асосий таркибда майдонга тушган футболчилардан 9 таси кейинчалик катта футболга киришиб кета олдилар.
Шунингдек, ўша ўйинда захирадан майдонга тушган Петар Брлек «Геноа»да, Стипе Перица эса «Челси», «Уотфорд», «Удинезе», «Фрозиноне» каби ТOP-5 жамоаларида ўйнади. Айни пайтда Испаниянинг «Жирона» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Доминик Ливакович эса ўша ўйинда захирада эди.
Хуллас, гарчи ушбу мусобақада Ўзбекистон сингари кучли саккизталикдан ўрин олмаган бўлсалар-да, хорватиялик футболчилар кейинчалик муваффақиятлироқ фаолият олиб бордилар.
Якуний гап ўрнида шуни айтишимиз мумкин: Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг Хорватия устидан қозонилган ғалабасига кўп ҳам эътибор бериш керак эмас. Муҳими, ушбу футболчиларимиз келажакда ҳам хорватиялик футболчилардан кучлироқ бўлишсин.
Муҳаммадамин Зуҳриддинов,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг