Хорижликларни лол қолдирган аттор

12:38 08 Октябр 2025 Жамият
299 0

Бухоронинг ҳунармандчилик расталари жойлашган тарихий қисмида Мирфайз ота Убайдовнинг мўъжазгина атторлик дўкони бор. Ҳар гал ўтганда унинг олдида сайёҳлар тўпланиб турганини кўриш мумкин.

  Тарихи уч-тўрт асрга бориб тақаладиган атторлар сулоласининг бу кекса вакили хушбўй доривор гиёҳлар, рўзғорбоп майда жиҳозлар савдоси билан шуғулланади. Халқ табобатидан яхши хабардор. Абу Али ибн Сино, Абдураҳмон Жомий, Абу Абдулло Рудакий, Алишер Навоийдан сўз кетса унинг олдига тушадиган топилмаса керак. Лев Толстой, Чингиз Айтматовдек буюклар ижодидан гап очса, қаршингизда аттор турганига ақлингиз бовар қилмайди.

  – Замонамиздан ўргилай, – дейди хорижий сайёҳлар билан рус, инглиз, немис, француз тилларида бинойидек сўзлаша оладиган Мирфайз ота. – Америка дейсизми, Европа дейсизми бир қадам бўлиб қолди. АҚШ, Италия, Германияда бўлдим. Аммо сизга айтсам, бир гал қизиқ воқеа рўй берди. Дўконда турганимда океанортидан ташриф буюрган нуфузли меҳмонлардан бири доривор гиёҳлар билан қизиқиб қолди. Таомилга кўра, бир пиёда чой узатдим. Атрофида анча-мунча кузатувчи ҳамроҳлари бор эди.

Чет эллик меҳмон хайрлашиб кетгач, атторнинг кўзи дўкон пештахтаси ёнбошида турган ҳамёнга тушди.

– Уни авайлаб олдим-да буюмларимнинг бир чеккасига қўйдим, – давом этди Мирфайз ота. – Орадан ярим соатча ўтгач, бояги меҳмоннинг кузатувчиларини ташвишли қиёфада кўрдим. Уларнинг пулхалтани излашаётгани кундек равшан эди. Ёнимга чорладим. Ҳамённи кўрсатдим. Ҳаял ўтмай ўша мартабали меҳмонни бошлаб келишди. Омонатни   топширдим. Шунда у ҳамённи очиб, бир даста доллар орасидан бир жуфтини олиб менга узатди.

– Йўқ, – дедим қатъий оҳангда. – Омонатингиз бус-бутунига ишонч ҳосил қилсангиз кифоя. Биз ҳалол ризқ билан рўзғор тебратамиз. Қайта-қайта миннатдорлик билдирган меҳмон кўзи тўқ, олижаноб отахонга тан берди. Ёрдамчиларига атторнинг исми-шарифи, турар-жой манзилини ёзиб олишни буюрди. Орадан икки-уч ой ўтиб, Мирфайз ота номига АҚШга саёҳат қилиш таклифномаси келди.

– Олижаноблик, яхшилик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган, – дейди бу ҳаётий ҳикояни эшитган ғиждувонлик ижодкор Мухтор Абдуллаев. – Яхшилик албатта, яхшиликни етаклаб келади. Яқинда биз ҳам худди шунинг гувоҳи бўлдик. Туман марказидаги ошхоналардан бирида овқатланиб чиққач, тасодифан автоуловимиз юкхонаси устида турган ҳамёнга кўзимиз тушди. Атрофда ҳеч зоғ йўқ. Афтидан кимдир машинамиз билан ёнма-ён турган автоуловга чиқаётиб, нима биландир чалғиган ва уни юкхона устига қўйган куйи унутиб қолдирган. Балки эгасининг исм-шарифи, манзили ёзилган бирор бир ҳужжат бордир? Шундай ўй билан ҳамённи очдик. Ичидан уч юз АҚШ доллари ҳамда икки миллион сўм атрофида пул чиқди. Ҳужжат эса йўқ.

  Шунда ҳамкасбимиз Комилжон аканинг ҳушёрлиги, топқирлиги қўл келди. У хуш-нохуш хабарларни эълон қилишга ихтисослашган телеграмм канал масъулига боғланди.

Эртасига омонатнинг эгаси топилди. У эълон шартига мувофиқ ҳамёндаги пул миқдорини аниқ айтди. Омонатни олгач, “Кўнглимдан чиқариб беряпман”, дея Комил аканинг розилигини олмоқчи бўлди. Шунда ҳамкасбимизнинг ёдига эҳтиёжманд маҳалладошларидан бири тушди. Бояқишнинг анча қийналиб қолганини эшитганди. Омонат эгасига шу инсон аҳволини баён этаркан, “Агар рози бўлсангиз, кўнглингиздан чиқариб берган пулингизни шу маҳалладошимизга хайрия қиламиз”, деди. Омонат эгаси бажонидил, дегач савобталаб ҳамкасбимиз бу маблағ устига ўз ҳисобидан ҳам чўғликкина пул қўшиб, ўша эҳтиёжманд оилага эҳсон қилди. Шу тариқа бир яхшилик иккинчи бир эзгу ишга эшик очди. Юқоридаги икки воқеани қоғозга туширарканмиз, беихтиёр кўнглимиздан Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг “Ҳалоллик яхшиликларнинг калитидир”, деган пурмаъно сўзлари кечди.

Истам ИБРОҲИМОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?