Халқимизнинг бебаҳо бойлиги

Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»
Асосий байрам тадбири пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтди.

Анжуман иштирокчилари эрта тонгданоқ пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида бўлиб, ўз ижоди ва фаолияти орқали она тилимизнинг жозибасини, луғат бойлиги ва имкониятларини бутун дунёга кўрсата билган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Муҳташам сарой фойесида ўзбек тилининг бетакрорлиги ва жозибасини намойиш этувчи илмий-маърифий, бадиий кўргазма ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбек тили байрами куни муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари — Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.

Таъкидланганидек, бундан саккиз йил олдин мамлакатимизда бошланган том маънодаги тарихий ислоҳотлар туфайли ўзбек тили ривожида ҳам янги давр бошланди. Бу борада қабул қилинган Фармон, қарор ва дастурлар асосида унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва мақомини мустаҳкамлаш, замонавий илм-фан, ахборот технологиялари ва халқаро муносабатлар тилига айлантириш бўйича катта ишлар амалга оширилди.

Хусусан, юртимизда географик объектлар номлари давлат тили меъёрларига мувофиқлаштириляпти. Бугунги кунга қадар 250 мингга яқин географик объект, жумладан, 200 мингдан ортиқ кўчалар номлари давлат тилига мувофиқлаштирилиб, реестрга киритилган. Қатор объектлар — тоғ ва чўққилар, дарё, кўл, сув омборлари, фойдали қазилма конлари, метро бекатлари, темир йўл вокзали ва станциялари, аэропорт ва автостанциялар давлат тили талаблари асосида қайта номланган.

Атамалар комиссияси фаолиятининг кучайтирилгани ҳаётимизга кенг миқёсда кириб келаётган янги тушунча ва атамаларни тилимизга аниқ қоида ва тамойилларга биноан қабул қилишда, тил сиёсатини илмий асосда юритишда муҳим ўрин тутмоқда.

Хорижий сўз ва ибораларни ўзбекчалаштиришда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш учун махсус дастурий таъминот ишлаб чиқилгани, электрон манбалар яратилгани эътиборга сазовор.

Ўзбекистон бугун дунёга очилди. Шаффофлик ва ошкоралик, жаҳон ҳамжамияти билан кенг кўламли ҳамкорлик боис кўплаб юртдошларимиз, айниқса, ёшлар жаҳоний билимларни эгаллашга, халқаро майдонда ўз сўзини айтишга интилмоқда. Бунинг учун улар чет тилларни пухта ўрганаётгани табиий. Лекин хорижий тилни ўзлаштириш она тилимизга эътиборсизликни, ҳурматсизликни келтириб чиқармаслиги лозим. Табрикда айни масалага урғу қаратилар экан, ёш авлоднинг миллий руҳ, миллий тафаккур эгаси, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши учун, аввало, ўзбек тили ва адабиётини болаликдан бошлаб пухта билишлари шартлиги қайд этилди.

Шу мақсадда таълим тизимида ўзбек тилини ўқитишни такомиллаштиришга жиддий аҳамият берилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш талаби расман белгилангани ҳам тилимизнинг мавқеини оширишга хизмат қилаётгани урғуланди.

Табрикда ўзбек тилининг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш борасида олдимизда турган муҳим вазифаларга эътибор қаратилган.

Бу борада, аввало, ушбу байрам арафасида Президент томонидан имзоланган “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Рақамли оламда ўзбек тилида сифатли, илмий асосланган, қизиқарли ахборот ва маълумотларни кўпайтириш, онлайн луғатларни такомиллаштириш, она тилимизни ривожлантириш ва тарғиб этишда сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш, халқимиз тафаккурига мос ва жозибадор миллий брендлар яратиш, Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларини қайта кўриб чиқиш миллий лисонимизнинг қадрини янада оширишга, жаҳонда нуфузини юксалтиришга хизмат қилади.

Тантанали тадбирда сунъий интеллект воситасида Алишер Навоийнинг она тилимиз ҳақидаги фикрлари акс эттирилган видеоролик намойиш этилди.

ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби Султон Раевнинг видео табриги иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди.

Тадбирда мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари, хорижликлар ўзбек тилини ўрганиш, унинг бетакрор нафосатига оид фикрларини билдирди. Уларга Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан Алишер Навоий асарлари жамланган энциклопедия туҳфа этилди.

Она тилимизнинг жозибасини намоён этган гўзал шеър ва қўшиқлар, дилрабо рақслар йиғилганларга байрамона кайфият улашди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Нуриддинжон Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.

Ўзбек тили байрами куни муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.
Дилшод КАРИМОВ
(“Халқ сўзи”).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг