Кемеровода Усмон Носир ҳайкали очилди

11:06 05 Сентябр 2023 Маданият
2494 0

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”га қарорида Маданият вазирлиги, Бадиий академия, Ёзувчилар уюшмаси ва “Шаҳидлар хотираси” жамғармасига Россия Федерацияси Кемерово вилоятининг Мариинск шаҳрида Усмон Носир хотирасига бағишланган ёдгорлик ўрнатиш ва унинг тантанали очилиш маросимини ўтказиш вазифаси берилган эди. Шундан сўнг масъул ташкилотлар Россия Федерациясининг тегишли идоралари билан музокаралар ўтказди ва бу борадаги ишлар бошланиб кетди.

Қарор ижросига кўра, Россия Федерацияси Кемерово вилоятининг Мариинск шаҳрида ўзбек халқининг оташин шоири Усмон Носирга ҳайкал ўрнатилди ва 2023 йилнинг 4 сентябрь куни ушбу ёдгорликнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни Кемерово вилояти губернатори Сергей Сивилёв очиб берди. Маросимда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги фавқулодда ва мухбир элчиси Ботиржон Асадов, Россия ташқи ишлар вазирлигининг Новосибирскдаги вакили Николай Афанасев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ва бошқа ижодкорлар сўзга чиқди.

Анжуманда Новосибирскда таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар, хорижий мамлакатларда доимий ва вақтинча яшаётган ватандошлар, шунингдек, маҳаллий ижодкорлар ва Кемерово вилояти Мариинск шаҳрининг кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Ҳайкал муаллифи Константин Зенич шоир Усмон Носирнинг ўзига хос сиймосини ярата олган.

Ўзбекистон делегацияси, Ўзбекистон элчихонасининг Новосибрскдаги бош консулхонаси ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари Мариинскдаги ўрмонзор қаридаги қатағон қурбонлари мозорида дафн этилган Усмон Носирнинг қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилиниб, ўтганлар хотираси ёд этилди. Шоирнинг қабрига гуллар қўйилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?