Камбағаллик айб эмас, аммо...

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Мактабда ўқиб юрган пайтимизда кам таъминланган оилалар фарзандларига кийим-бош бериларди. Бу кийимлар улардан бошқа ҳеч кимда бўлмасди. Бу моддий ёрдам уларни камситгандек туюларди. Бугун ҳам мактабларимизда кам таъминланган оила болалари алоҳида рўйхатда туради, бу давлат томондан қўллаб-қувватлаш бўлса ҳам болаларнинг руҳиятини синдиради. Камбағалликни камайтириш йўлида аҳолининг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар ўрганиш учун курсларга йўналтириш, иш тополмаган фуқароларни корхона ва заводларга жойлаштириш борасида кўплаб хайрли ишлар олиб борилмоқда. Аммо иш ҳақи камлиги ёки меҳнати оғирлигини важ қилиб, тайёр иш ўринларини ташлаб кетаётганлар ҳам йўқ эмас. Боқимандаликка кўникиб қолган бу фуқароларга меҳнат ярмаркаларида ҳам талабгор чиқмайди. Чинакам камбағал ва кўп болали оилаларга берилаётган ижтимоий ёрдамни зарур деб ҳисоблаймиз. Томорқаси борлар гилос ёки қулупнай билан уй-жой солиғи, коммунал хизматлар тўловини тўлолмаслиги, бирдан бойиб кетмаслиги мумкин, аммо қўшимча даромад сифатида боғдорчилик ёки экинлардан тушган пулга болаларига мактаб кийим ёки дори-дармон олишга имконияти бўлади.
— Камбағаллик айб эмас, аммо... Доим нафақа, бола пули ёки маҳалладан берадиган моддий ёрдамга қараб қолиш уят, — дейди Шаҳрихон туманидаги «Бег вачча» МФЙ ҳоким ёрдамчиси Мақсудбек Акбаров. — Бугун ҳатто уйдан чиқмасдан ҳам қўшимча даромад олиш имконияти яратилган. Йил бошида ишсизлар сони 63 нафар эди. Уларнинг 60 нафарини ишга жойладик. Айни пайтда 3 нафар меҳнатга лаёқатли маҳалладошимизни уйдан чиқмаган ҳолда даромад топишга йўналтирмоқдамиз.
Мазкур маҳаллада 625 та хонадон бўлиб, уларнинг 60 фоизида иссиқхона фаолияти ташкил этилган. Шунинг ўзиёқ оиланинг қўшимча даромади мавжудлигидан далолатдир. Имкониятдан келиб чиқиб ҳар бир оилага «Бешта пакет» ташаббусига доир асаларичилик, паррандачилик, чорвачилик, тикувчилик, қўзиқорин етиштириш бўйича тавсиялар берилмоқда. Натижада қўшимча ўртача 10 миллион сўм даромад олиш имконияти яратилмоқда. Банк муассасалари ходимлари бевосита хонадонларда бўлиб, аҳоли билан юзма-юз кўришиб, уларнинг имкониятларини ўргангач, зарурий кредит маблағини йўналтираётгани эътиборли, албатта. Кредит маблағи атиги бир кунда ажратилаётгани ҳамюртларимизнинг ортиқча вақт сарфлашига чек қўймоқда.
— Авваллари кредит маблағлари айнан бир йўналишга ажратиларди. Ҳозир имкониятимиздан келиб чиқиб берилмоқда, — дейди шу маҳаллада яшовчи Неъматжон Аҳмадалиев. — Шу имкониятлардан фойдаланиб иссиқхонадан йиллик ўртача 20-25 млн. сўм даромад олаяпмиз. Бўш майдонга саримсоқпиёз экиб, уни сотиб ўрнига қалампир экдик. Томорқамнинг четига, йўлакларга асалари қутисини ўрнатдик. Сигиримиз, товуқларимиз бор. Мевали дарахтлардан йиғиб олинган ҳосилнинг ўзимиздан ортганини бозорга олиб чиқиб сотаяпмиз. Ҳар бири ўртача ўн миллион сўмдан даромад берганда ҳам йиллик даромадим 45-50 млн. сўмга етади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва кўрсатмалари билан маҳалла тизимига берилаётган эътибор бугун ўз самараси бермоқда. Илгари фуқаролар ўз мурожаати бўйича тегишли идораларга кириб боришга тортинарди. Энди маҳалла еттилиги кириб бормаган хонадон қолмаяпти. Натижада ҳудудлар инфратузилмаси шаклланиб, аҳоли турмуш шароити яхшиланмоқда. Ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларга моддий кўмак кўрсатилиб, уларнинг жамиятдаги иштироки фаоллашмоқда. Ишсизлик ва камбағалликдан ҳоли ҳудудга айланишда «Бег вачча»ликлардан ибрат олса арзийди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Доллар курси тушишда давом этмоқда
- Ўзбекистонда доллар курси ўзгарди
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг