Йўлсозларга янги техникалар тақдим этилди (Фоторепортаж)

15:21 13 Сентябр 2018 Иқтисодиёт
2715 0
Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи“.

"Халқ сўзи online". Дилшод Улуғмуродов/Тошкент. “Ўзбекистон темир йўллари“ акциядорлик жамияти томонидан йўлсозларга қулайликлар яратиш, уларнинг фаолиятида иш унумдорлигини ошириш мақсадида тармоқдаги йўл хўжалиги корхоналарига 20та замонавий махсус хизмат транспорт воситаси топширилди. Шу муносабат билан Тошкент Жанубий вокзалида тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, айни пайтда жамият томонидан ташишларни ўз вақтида тез ва сифатли амалга ошириш ҳамда ҳаракат хавфсизлиги бевосита “пўлат из“ларнинг созлигига боғлиқ. Бу жараён эса йўлсоз мутахассислар меҳнати билан таъминланади. Шу боис уларга бу каби махсус техникаларнинг берилиши айни муддаодир.

- “Isuzu” русумидаги ушбу транспорт воситалари “Самарқанд автомобиль заводи“ масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилган бўлиб, бир қатор қулайликларга эга, - дейди жамиятнинг йўл хўжалиги бошқармаси бўлим бошлиғи Муслим Ортиқов. - Хусусан, автомобиль 16 йўловчига мўлжалланган. Юмшоқ ўриндиқли. Юк кўтариш қуввати 3 тонна 450 килограммни ташкил этади. Тезлиги соатига 90 километр. Ёқилғи сарфи эса 100 километрга 20 литр.

Бундан ташқари, ундаги совитиш ва иситиш тизими йўлсозларнинг иссиқ ҳамда совуқ ҳавода ҳам иш манзилига қийналмасдан етиб боришларида қўл келади. Қолаверса, транспорт иш қуролларини олиб юриш учун махсус жойлар билан таъминланган.

Қайд этиш жоизки, Мазкур замонавий автомобиллар корхоналарга эскирган техникаларни янгилаш дастури бўйича харид қилинди.

Тақдимот маросимида “Ўзбекистон темир йўллари“ акциядорлик жамияти келгусида буюртма асосида тармоқнинг бошқа йўналишлари учун ҳам шу каби замонавий транспорт воситаларини сотиб олишни режалаштиргани айтиб ўтилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи“.
Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи“.
Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи“.
Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи“.
Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи“.
Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи“.
Фото: Ҳасан Пайдоев/“Халқ сўзи“.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?