“JICA” вакиллари Самарқанд ветеринария медицинаси институтида бўлди
Фото: Халқ сўзи
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги — “JICA” вакиллари Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мутасаддилари ҳамроҳлигида Самарқанд ветеринария медицинаси институтига ташриф буюрди.
Жаноб Ёши Саннинг маълумот беришича, айни кунда Япониядаги 16 та давлат олийгоҳларида ветеринария мутахассислари тайёрланади. Бундан ташқари яна 6 та хусусий олий ўқув юртида ҳам мазкур йўналишда таълим берилади. Давлат таълим муассасаларининг ҳар бирида йилига 35-40 нафар талаба ветеринария бўйича ўқишга қабул қилинади. Хусусий институтларда эса бу кўрсаткич 100-120 нафарни ташкил этади.
Юқумли касалликликлар бўйича мутахассис бўлган доктор Ёшихито ўз фаолияти ҳақида ҳикоя қиларкан, дунёнинг кўплаб ривожланаётган мамлакатларида кўнгилли сифатида ишлаганини, Буюк Британиянинг Ливерпуль университетида докторлик ишини ҳимоя қилгач, Япония халқаро ҳамкорлик агентлигида эксперт сифатида фаолиятини давом эттираётганини айтди. Агентлик томонидан Ўзбекистонда чорвачилик соҳаси бўйича амалга оширилиши кўзда тутилаётган лойиҳаларда Самарқанд ветеринария медицинаси институти олимлари ва тадқиқотчилари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш назарда тутилганини билдирди.
Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори, профессор Худайназар Юнусов халқаро экспертнинг бу таклифи учун миннатдорлик билдириб, ҳамкорликка тайёр экани, олий таълим муассасасининг нуфузли ҳорижий ҳамкор ташкилотлари яна биттага кўпайганини мамнунлик билан эътироф этди. Марказий Осиё минтақасида ягона бўлган Самарқанд ветеринария медицинаси институти фаолияти ва бугунги салоҳияти ҳақида маълумот берилди.
Мулоқот давомида дунёда рўй бераётган эпидемиологик вазиятда умумий ташаббуслар ва лойиҳаларни амалга оширишда ишларни тизимли ташкил этиш, жараёнларни янада жадаллаштириш зарурлиги юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Ветеринария ва чорвачилик соҳасига “JICA”нинг техник ҳамкорлик лойиҳаси маблағларини йўналтиришнинг мақсадга мувофиқлигини таҳлил қилиш мақсадида мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган мазкур агентлик вакиллари ташрифи давом этмоқда.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг