Jazeera Airways Фарғонадан Қувайтга янги авиақатновни йўлга қўяди

18:21 16 Ноябрь 2023 Жамият
226 0

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Jazeera Airways авиакомпаниясининг Ўзбекистон ва Тожикистон бўйича директори Илдар Абубекировни қабул қилди.

Учрашувда Jazeera Airways томонидан йўлга қўйилаётган Қувайт-Фарғона-Қувайт йўналишидаги авиақатнов билан боғлиқ масалалар, шунингдек, Фарғона халқаро аэропортидан ушбу авиакомпания билан биргаликда Миср, Туркия ва қатор Европа мамлакатларига авиақатновларни ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг учта шаҳридан Jazeera Airways томонидан Қувайтга амалга оширилаётган авиақатновларда Фарғона вилоятида яшовчи йўловчилар салмоқли ҳиссага эга эканини қайд этган Илдар Абубекиров, авиакомпания бундан келиб чиққан ҳолда декабрь ойидан бошлаб Қувайт-Фарғона-Қувайт йўналишида мунтазам қатновларни йўлга қўйишга қарор қилганини маълум қилди. 168 ўринга мўлжалланган Airbus A320neo самолётларида дастлабки босқичда ҳафтасига 3 та авиарейс ташкил этилса, келгуси ойлардан бошлаб кунлик авиақатновлар амалга оширилади.

Фарғона вилояти билан араб давлатлари, хусусан Қувайт ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий алоқалар жадал ривожланиб бораётганини қайд этган вилоят раҳбари, тўғридан тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши зиёрат туризми билан бирга бу ҳамкорликни ҳам янада кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлаб, Jazeera Airways'нинг Фарғонадаги фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди.

Мулоқот давомида шунингдек, Фарғонадан Миср, Туркия ва қатор Европа мамлакатларига авиақатновларни ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди. Амалга оширишга киришилаётган Фарғона халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳаси натижасида Фарғона аэропортини Европа ва Осиё ўртасида халқаро транзит тугунига айлантириш имконияти мавжудлиги қайд этилди.

2004 йилда ташкил этилган Jazeera Airways Қувайтнинг иккинчи миллий авиакомпанияси бўлиб, штаб-квартираси Қувайт халқаро аэропортда жойлашган ва арзон нархлардаги ҳаво саёҳатларига ихтисослашган. Авиакомпания флоти ҳозирги кунда 21 та Airbus самолётларини ўз ичига олиб, дунёнинг 34 та мамлакатига 60 дан ортиқ йўналишларда мунтазам парвозларни амалга ошириб келмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер