“Ижтимоий такси” хизматидан фойдаланиш қулай

Шу йилнинг 1 сентябрь санасидан бошлаб Фарғона вилоятида “Ижтимоий такси” хизмати йўлга қўйилган бўлиб, ўтган қисқа даврда 150 нафарга яқин ногиронлиги бўлган боланинг оиласи ушбу хизматдан унумли фойдаланмоқда.
Белгиланган тартибга кўра, мазкур хизматдан фойдаланиш учун ногиронлиги бўлган боланинг ота-онаси ёки қонуний вакили томонидан ижтимоий ходимлар кўмагида электрон ариза киритилади. Айни пайтда ана шундай истакда киритилган аризаларнинг қарийб 100 таси Қўқон шаҳри ва атроф ҳудудларда яшовчиларга тегишли.
Бугунги кунда Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган махсус таълим муассасаларида 2 минг нафардан зиёд ногиронлиги бўлган болалар таълим-тарбия олмоқда. Шу сабабли йил якунига қадар “Ижтимоий такси” хизматидан фойдаланувчилар сони 300 нафарга етиши кутиляпти.
Ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олиш имкониятини оширишга мўлжалланган ушбу хизматдан 13 турдаги касаллик ташхисига эга болалар фойдаланиши мумкинлиги белгиланган.
— Фарзандимни мактабга олиб бориш, дарсдан сўнг олиб келишда янги хизмат жуда қулай бўлмоқда, — дейди Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи Малоҳат Мамажонова. — Эътиборлиси, бу такси хизмати учун энг замонавий автомашиналардан фойдаланиш имконияти яратилган. Шунинг учун ҳам бундай эътибор ва рағбатдан беҳад мамнунмиз. Бу “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойилнинг амалдаги яна бир тасдиғидир.
Айтиш жоиз, “Ижтимоий такси” хизматидан фойдаланувчи оилага базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,2 баравари миқдорида ойлик меъёр (лимит) ажратилади. Агар оила “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ёки “Камбағал оилалар реестри”да бўлса, йўл ҳақининг 100 фоизи, бошқа тоифадаги оилалардаги таълим олувчилар учун эса 60 фоизи компенсация тарзида ҳайдовчи ҳисобига ўтказиб берилади.
Ботир МАДИЁРОВ
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг