Ижтимоий корхоналарга қандай имтиёзлар берилади?

18:05 03 Февраль 2021 Иқтисодиёт
1446 0

Айни пайтда Қонунчилик палатасида бир қатор қонун лойиҳалари устида фаол иш олиб борилмоқда. Чунончи, қуйи палатанинг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёни қизғин давом этяпти. Қўмита аъзолари ҳудудларда фаолият олиб бораётган бир қатор ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолиятини ўрганиш билан бирга, ишчи ходимлар ўртасида қонун лойиҳаси юзасидан кенг муҳокамалар ўтказмоқдалар.

Қайд этиш жоиз, мазкур лойиҳа жорий йилнинг 28 январь куни Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун қўйилди.

Аёнки, бугунги кунда давлат ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тизимли ижтимоий ҳамкорликнинг самарали механизмини жорий этиш зарур ҳисобланади.

Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун иш ўринларини яратиш, ногиронлиги бўлган шахсларга маҳсулот ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарадиган корхоналарга солиқ ва бошқа турдаги имтиёзлар белгиланган. Лекин, ижтимоий тадбиркорликнинг ҳуқуқий тушунчаси ҳамда ижтимоий тадбиркорликка оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш механизмлари назарда тутилмаган.

Қонун лойиҳасида тадбиркорлик субъектлари қуйидаги мезонлардан бирига ёки бир нечтасига мос келганда ижтимоий корхона сифатида тан олиниши белгиланмоқда:

— ходимларининг умумий сонида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига мансуб шахслар камида 70 фоизни ташкил этганда ҳамда уларнинг маоши меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 70 фоизидан кам бўлмаганда;

— умумий тушум ҳажмининг камида 50 фоизи ижтимоий товарларни сотишдан ёки ижтимоий хизматлар кўрсатишдан тушган тушумни ташкил этганда;

— кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг умумий тушум ҳажмининг камида 90 фоизи ижтимоий соҳадаги фаолиятни амалга оширишдан тушган тушум ташкил этганда;

— фавқулодда ҳолатлар шароитида ўз фаолиятини бундай ҳолатларга қарши курашиш ва унинг оқибатларини бартараф этишга ўзгартирганда.

Лойиҳада тегишли мезонлардан бирига ёки бир нечтасига мос келган тадбиркорлик субъектлари ёки нотижорат ташкилотларини ижтимоий корхона сифатида ижтимоий корхоналарнинг реестрига киритиш белгиланмоқда. Ижтимоий корхоналар реестрига киритилган корхона ўтган молия йилида олинган фойданинг камида учдан икки қисмини кейинги молия йили давомида ижтимоий корхонанинг фаолиятига ёки ижтимоий лойиҳаларга реинвестицияга йўналтирилиши лозимлиги ҳам қонун лойиҳасида назарда тутиляпти.

Шунингдек, ижтимоий корхона ижтимоий корхона мезонларига мос келмай қолиб ижтимоий корхоналар реестридан чиқарилгандан сўнг, уни ушбу реестрга икки йил давомида киритмаслик белгиланган.

Лойиҳага кўра, ижтимоий корхоналарга бир қатор имтиёзлар ва преференциялар тақдим этилиши кўзда тутилган. Солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш, давлат мулки объектларини ёки уларга бўлган мулкий ҳуқуқларни имтиёзли ёки «ноль» қиймат бўйича бериш, давлат буюртмачиларига тўғридан-тўғри шартномалар орқали ижтимоий товарларни реализация қилиш ва ижтимоий хизматларни кўрсатиш, молиявий ҳамда солиқ ҳисоботларини соддалаштирилган тартибда юритиш кабилар шулар жумласидан.

Маълумки, Солиқ кодексига мувофиқ, ижтимоий корхоналар қўшилган қиймат, фойда, айланмадан олинадиган ва мол-мулк солиқларидан озод қилинади. Ер солиғини 0,1 коэффициентни қўллаган ҳолда тўлайди.

Ижтимоий тадбиркорлик паст даромадли фаолият тури бўлганлиги сабабли, унинг субъектларига солиқ имтиёзларидан ташқари қўшимча преференцияларни ҳам тақдим этиш кўзда тутилган. Мисол учун, ижтимоий корхоналар бошқа тадбиркорлик субъектлари билан аукцион ва танловларда тенг шартларда рақобатлаша олмаслиги сабабли хорижий давлатларда (Корея, Италия, Россия) ижтимоий корхоналарга давлат мулки объектларини харид қилиш, ижарага олиш ва давлат харидларида қатнашиш бўйича преференциялар берилган.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, реклама тарқатувчилар реклама учун ажратилган эфир вақти, нашр ёки реклама майдони умумий йиллик ҳажмининг 5 фоизида ижтимоий рекламани бепул жойлаштириши шарт. Шунинг учун ижтимоий корхоналарга ушбу ҳажм доирасида ижтимоий товарлар ва хизматлар рекламасини бепул жойлаштириш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда.

Бугунги кунда ижтимоий лойиҳаларнинг рентабеллиги паст бўлганлиги сабабли, улар асосан давлат томонидан амалга оширилмоқда.

Тадбиркорларни ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга қизиқтириш учун уларга давлат томонидан субсидия бериш таклиф этиляпти. Мисол учун, Россияда маҳаллий ҳокимликлар томонидан тадбиркорлик субъектларига ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун 600 минг рублгача (84 млн сўмгача) миқдорда субсидиялар ажратилади.

Қонун лойиҳасида ижтимоий тадбиркорлик фаолиятининг молиявий қўллаб-қувватлаш турлари белгиланмоқда. Жумладан, мазкур фаолият доирасида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан кейинчалик ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга кредитлар ажратиш учун тижорат банкларида ресурслар жойлаштирилади, ижтимоий лойиҳани амалга ошириш учун ижтимоий корхона томонидан олинадиган кредитлар бўйича кафиллик берилади ва фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар тўланади.

Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини белгиланган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилганлик учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижтимоий корхоналарнинг ўз ходимларини ўқитишга сарфлаган харажатларини қоплаш учун субсидиялар берилади ва таълим ташкилотларига грантлар ажратилади.

Умуман айтганда, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда ижтимоий тадбиркорлик ва ижтимоий корхоналар фаолиятини рағбатлантиради ҳамда ижтимоий ҳимоя сиёсатини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлади.

Мавлуда ХЎЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?