Ислом Исмоилов: «Мақсадимиз — ўзбек футболи тарихида янги саҳифа очиш»

10:27 24 Октябр 2025 Спорт
149 0

Ўзбекистон U-17 терма жамоаси бош мураббийи Ислом Исмоилов ФИФАнинг расмий сайти учун интервью берди.

Унда мураббий жамоанинг Осиё чемпионлигидан кейинги ишончи, Жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёни, мундиалдаги рақиблар ҳамда ёш футболчиларнинг психологик тайёргарлиги ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

Осиё чемпионлиги сиз ва жамоангизга қандай ишонч берди? Бу турнирда асосий мақсадингиз нима?

— Осиё чемпионлиги биз учун катта шараф, лекин шу билан бирга катта масъулият ҳам келди. Бу ғалаба ўйинчиларимизга ишонч бағишлади ва эндиликда биз икки баравар кўп меҳнат қиляпмиз. Жаҳон чемпионатидаги асосий мақсадимиз — ўзимизни жаҳон саҳнасида синаб кўриш, ўзбек футболи тарихида янги саҳифа очиш. Биз жамоавий ўйин, интизом ва ғайрат орқали юртимиз номини муносиб ҳимоя қилишни ният қилганмиз.

2023 йилда Ўзбекистон U-17 Жаҳон чемпионатида чорак финалга қадар етиб борган эди. Ўша тажрибадан қандай сабоқлар олдингиз ва бу сафар нималарни бошқача қилмоқчисиз?

— Ўша турнирда жамоани бошқарган мураббий билан кўп суҳбатлашдим, уларнинг ютуқ ва хатоларини таҳлил қилдик. Ҳар бир ўйиндан хулоса чиқардик. Энг катта сабоқ — босим остида тўғри қарор қабул қилиш ва ўйинни назоратда ушлаш бўлди. Шу боис тайёргарликда айнан шу жиҳатларга эътибор қаратдик. Энди биз фақат куч билан эмас, балки ақл билан ҳам ўйнайдиган жамоага айландик.

Осиё даражасидаги ўйинлар билан жаҳон даражасидаги ўйинлар орасидаги асосий фарқ нимада? Шогирдларингизни бунга қандай тайёрлаяпсиз?

— Асосий фарқ — ўйин тезлиги ва қарор қабул қилиш сифатида. Европадан, Африка ва Жанубий Америкадан келган рақиблар жуда юқори босим билан ўйнашади, бу эса фикрлаш учун деярли вақт қолдирмайди. Шу сабабли машғулотларда тез фикрлаш, вазиятни тўғри баҳолаш ва қарор қабул қилишни ўргандик. Ўйин услубимизни ҳам янгиладик — энди биз фақат мослашмаймиз, балки ўйинни ўзимиз назорат қилишга интиламиз.

Ўзбекистон мухлислари ва келажак авлод футболчиларига қандай мурожаатингиз бор?

— Сизнинг ишончингиз билан биз Осиё чемпиони бўлдик, энди сизнинг дуоларингиз билан Жаҳон чемпионатига йўл оляпмиз. Бизга руҳий жиҳатдан ёрдам беринг, ишонишда давом этинг. Ёш футболчиларга эса шундай дейман: имконият берилса, уни қадрланг ва меҳнат билан ҳимоя қилинг. Чунки истеъдод йўлни кўрсатади, аммо мақсадга меҳнат элтади. Биз Жаҳон чемпионатига фақат ғалаба учун эмас, балки Ўзбекистон номини фахр билан ҳимоя қилиш учун кетяпмиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер