Ирригация институти университетга айлантирилди

18:06 11 Декабрь 2021 Жамият
3611 0

Архив сурат

Иқтисодиёт тармоқлари учун муҳандис кадрларни тайёрлаш тизимини инновация ва рақамлаштириш асосида тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори (ПҚ–42-сон, 10.12.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университети этиб номланди.

Университетда гидроэнергетика, ирригация, кадастр ва геоинформатика соҳалари учун муҳандис кадрлар тайёрланади.

Қарор билан Университет фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича бошқарув кенгаши тасдиқланди.

Кенгаш Университетда янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиши мумкин.

Университетда Трансформация офиси ташкил этилиб унга 2025 йилгача Университетни халқаро 1000 талик рўйхатга киритиш вазифаси юклатилди.

Университет 2022/2023 ўқув йилидан мустақил равишда ўқув режаларини тасдиқлайди, илмий кенгашлар тузади, тижорат ва нотижорат ташкилотлар ташкил этади.

Университет 2022 йил 1 январдан ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтади.

Шунингдек қарор билан, 2025 йилгача Университетни трансформация қилиш ва комплекс ривожлантириш дастури ва унинг халқаро нуфузини ошириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди.

Қарор билан қуйидагилар ташкил этилди:

— Университет ҳузурида Фундаментал ва амалий тадқиқотлар институти;

— Университетнинг Бухоро филиали негизида Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти;

— Университетнинг Қарши филиали негизида Қарши ирригация ва агротехнологиялар институти.

Университет фаолиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

2023/2024 ўқув йилигача Университетда янги синов лабораторияси ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги технопарки ташкил этилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?