Ипакчилик илмий-тадқиқот институти биноси 3,5 миллиард сўм эвазига капитал таъмирдан чиқарилди. Бу 1-босқич

Бу ҳақда Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. Қайд этилишича, бу қурилиш ва таъмирлаш ишларининг биринчи босқичи бўлиб, 2020 йилда иккинчи босқич ишлари амалга оширилади ва яна 3,5 миллиард сўмлик маблағ эвазига капитал таъмирланади. Айни вақтда лойиҳалаш ишлари давом этмоқда.
Маълумки, кейинги йилларда бошқа соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалигига, жумладан пиллачиликка катта эътибор қаратиб келинмоқда. Биргина 2017 йилдан буён Президентимиз томонидан пиллачилик тармоғини ривожлантиришга доир 6 та қарор қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 20 мартдаги “Пиллачилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Ипакчилик илмий-тадқиқот институти “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси муассислигида қайта ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.
Институт тарихига назар ташласак, 1927 йилнинг 15 ноябрида Ўрта Осиё ипакчилик станцияси ва “Туркшелк” АЖнинг Маданият-ипакчилик бўлими негизида Ўрта Осиё ипакчилик илмий-тадқиқот институти яъни ҳозирги Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ташкил қилинган.
Тантанали очилиш маросимида, мамлакатимизда ипакчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, чет эл инвестицияларини кенг жалб қилиш, жаҳон бозорига рақобатбардош тайёр маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмларини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Кейинги йилларда институтда 20 дан ортиқ истиқболли тут навлари ва яна шунча ипак қурти зоти ҳамда дурагайлари яратилди. Давлат реестрига киритилган ипак қурти ва тут навларининг юқори кўрсаткичга эга бўлганлари танлаб олинди. Ипак қуртининг “Ўзбекистон-5”, “Ўзбекистон-6”, “Ипакчи-1”, “Баҳор-1” “Олтин водий”, “Наврўз” ҳамда тутнинг “Сурхон-тут”, “Жарариқ-8”, “Топкросс-3” каби дурагайлари шулар жумласидандир. Ҳозир юртимизда боқилаётган ипак қуртининг 55-60 фоизи институт олимлари томонидан яратилган. Шунингдек, ипак қурти уруғини тайёрлаш, боқиш, пиллага дастлабки ишлов бериш, тут ниҳолларини етиштириш бўйича технологик карталар ишлаб чиқилди. Марказлаштирилган ипак қуртини боқиш интенсив технологияси яратилди. Айни вақтда Хитой, Япония, Жанубий Корея, Вьетнам, Болгария, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон каби мамлакатлар билан ипакчиликнинг турли йўналишларида ҳамкорлик қилинмоқда.
Бугунги кунда институтда 7 та илмий лаборатория мавжуд бўлиб, 5 нафар фан доктори, 7 нафар фан номзоди фаолият кўрсатади. Муассасанинг 7 нафар ёш тадқиқотчи кадри ипакчиликнинг турли йўналишларида ўзларининг илмий-тадқиқот ишларини олиб боришмоқда. Институт таркибидаги “Тутчилик тажриба хўжалиги” унитар корхонасида илмий лабораториялар мавжуд бўлиб, бу ерда ёш олимлар давлат грантлари асосида бажарилаётган лойиҳалар бўйича олиб бориладиган тажрибаларини ўз вақтида ташкил этиш ва сифатли ўтказиш фаолияти билан шуғулланишади.
Ўзбекистон-Япония иқтисодий ҳамкорлик қўмиталарининг 2018 йил 25 октябрда Токио шаҳрида ўтказилган йиғилишида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва Япониянинг “Линдас” корпорацияси ўртасидаги ҳамкорлик Меморандумига асосан тажриба ўтказиш учун пилла етиштиришга ихтисослаштирилган инновацион хона жиҳозлари институтга олиб келиб ўрнатилди. Мазкур инновацион хона тажрибадан самарали ўтгач, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва Япониянинг “Жайка” ташкилоти ҳамда “Линдас” корпорацияси томонидан Ўзбекистонда 100 та ана шундай кўчма инновацион пилла етиштиришга мослаштирилган хона барпо этилиши режалаштирилган.
Умумий ер майдони 19,97 гектар, шундан, 2,85 гектар бино ва иншоотлар, 17,12 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлардан иборат мазкур илмий муассаса бугунги кунда капитал таъмирталаб ҳолатга келиб қолганди. Институт лабораторияларидаги мавжуд ускуналар маънан ва жисмонан эскирган, улар илмий изланишлар ва тажрибалар ўтказиш учун мутлақо яроқсиз ҳолатда эди. Мамлакатимиз бунёдкорлари томонидан замонавий кўринишда қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилган ушбу бинода барча қулайликлар яратилган. Янги бинонинг фойдаланишга топширилиши эса юртимизда ипакчилик саноатини янада ривожлантиришда муҳим воқеликлардан бири бўлди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг