Институтнинг “кашфиётлар оролчаси”

11:18 19 Декабрь 2024 Жамият
305 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти тадқиқотчилари экин майдонлари ҳосилдорлигини оширишга хизмат қиладиган технологиялар устида илмий изланиш олиб бориб яхши натижаларга эришмоқда. Биогумусли тувакчалар тайёрлаш шулар сирасига киради.

— Биламизки, гумус лотинча сўз бўлиб, тупроқ маъносини англатади, — дейди институт ректори, техника фанлари доктори, профессор Шавкат Имомов. — Гумус, яъни чиринди тупроқ унумдорлигини таъминловчи энг муҳим қисм саналади. Таркибида углерод, азот, фосфор каби ўсимлик учун зарур озиқ элементлари мавжуд. У билан тупроқнинг донадорлиги юзага келади. Пировардида экин ҳосилдорлигини ошириш имконияти туғилади. Фермер хўжаликлари ерлари ҳамда иссиқхоналардан узлуксиз фойдаланиш, шубҳасиз, тупроқ таркибидаги гумус миқдорини камайтиради. Ерга кимёвий ўғитлар киритиш оқибатлари ҳақида-ку гапирмай қўя қолайлик. Шундан келиб чиққан ҳолда институтимизда биогумусдан тувакчалар тайёрлайдиган қурилма конструкцияси ишлаб чиқилди ва унинг тажриба нусхаси тайёрланди.

Кўчат етиштиришда қўл келадиган бундай тувакчалар хориждагига қараганда афзалликларга эга. Уларни четдан олиб келишнинг ўзи бир қатор ноқулайликларни туғдиради. Қолаверса, тажрибалар кўрсатдики, тувакли кўчат нисбатан кучлироқ илдиз тизимига эга бўлади. Ҳосил 12 — 14 кун олдин пишиб етилади. Ҳосилдорлик 20-30 фоизга ошади. Эътиборлиси, тувакча тупроқ таркибида тўлиқ парчаланади. Натижада ердаги гумус миқдори кўпаяди. Бу эса ердан самарали фойдаланиш, сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш гаровидир. Техник-иқтисодий кўрсаткичларни аниқлаш бўйича ўтказилган ҳисоб-китоблар ушбу қурилмадан фойдаланилганида меҳнат сарфи 60, тўғридан-тўғри харажатлар эса 40 фоизга камайишини кўрсатди.

Таъкидлаш керакки, шу каби тадқиқотлар институт нуфузини оширяпти. Айни дамда дунёнинг 21 та олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Улар билан аграр соҳани рақамли бошқариш ва ривожлантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳит муҳофазаси, яшил энергетика, механика, технологик жараёнларни автоматлаштириш, IT, сунъий интеллект каби йўналишларда тажриба алмашиниб келинмоқда.

Яна биогумусли тувакчалар тайёрлаш қурилмасига қайтамиз. У соатига 450 та тувакча ишлаб чиқариш қувватига эга. Электр энергияси сарфи эса соатига 1,5 киловаттни ташкил этади. Нархи 15 миллион 800 минг сўм.

Айтмоқчи, институт ҳудудидаги технопаркка “кашфиётлар оролчаси” дея таъриф берилса арзийди. Бу ерда шу каби ихтироларнинг анча-мунчасини учратиш мумкин. Оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ташкил этилган пресс-турда шулар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер