Инновацион ривожланиш вазири Туркиядаги ўзбекистонлик талаба ва аспирантлар билан учрашди

16:43 13 Декабрь 2021 Жамият
775 0

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Истанбул шаҳридаги университетларда таълим олаётган ҳамда илмий ишлар билан шуғулланаётган ўзбекистонлик талаба ва докторантлар билан учрашди. 

Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда талабалар дуч келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари, Ўзбекистондаги мавжуд шароит ва яратилаётган шароитлар, илм-фан ва инновация йўналишидаги ислоҳотлар муҳокама қилинди.

Туркияда бугунги кунда 2 000 дан зиёд ўзбекистонлик талабалар таҳсил олаётган бўлса, уларнинг катта қисми Истанбул шаҳрида билим олмоқда.

Суҳбат чоғида ўзбекистонлик талаба ва докторантлар томонидан қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди:

– Истанбул тижорат университетига ўзбекистонликларни докторантурага юбориш;

– Ўзбекистоннинг хориждаги қўлёзмалари нусхаларини (500 мингта) изланишлар учун олиб келиш;

– “Technoways” каби тадбирлар ғолибларини Туркияга юбориш;

– Олий ўқув юртлари учун ўқилиши шарт бўлган адабиётлар рўйхатини шакллантириш ва ўзбек тилига ўгириш учун таржимонлар гуруҳини тузиш;

– Туркия тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ҳарбий технологияларни ривожлантириш;

– Ўзбекистонда онлайн университетлар ташкил қилиш;

– Туркия кичик бизнеси вакилларини юртимизга жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш.

Инновацион ривожланиш вазири И. Абдураҳмонов барча таклифларни қўллаб-қувватлаб, уларни амалга ошириш учун вазирлик томонидан имконият доирасида зарур ресурслар ажратилишини айтди. Шу билан бирга, юқоридаги ташаббусларни талабаларнинг иштирокида амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб келишган ҳолда, «Туркия университетларида ўқувчи ўзбекистонлик талаба ва докторантларнинг Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликдаги кўнгилли «Ишлар режаси» ишлаб чиқишга келишилди.

Вазир креатив таклифлар берган ва ташаббусларни амалга оширишда фаол бўлган ёшлар «Инновацион ғоя етакчиси» кўкрак нишони билан тақдирланишини қайд этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?