Имтиёз имконият яратмоқда

Самарқанд вилоятида “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг ташкил этилиши кўплаб тадбиркорлар учун кенг имкониятлар эшигини очди. Айниқса, “Urgut sanoat servis” корхонасига асос солган Мажидхон Исломов хориж брендларига ҳавас қилиб, миллий брендни яратишга муваффақ бўлди. Тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи мазкур корхонада “URGUTINI” бренди остида эркаклар кўйлаклари тайёрланмоқда.
—Дастлаб Ургут туманида иккита корхонамиз фаолият кўрсатган бўлса, эндиликда Қорақалпоғистон Республикасида, Оқдарё ва Булунғур туманларида ҳам филиалларимиз бор, — дейди “Urgut sanoat servis” корхонаси бош директори Мажидхон Исломов. — Корхоналаримизда қишлоқ аҳолиси айниқса, аёллар ва ёшлар учун янги иш ўринлари очяпмиз. Шунингдек, ногиронлиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун ҳам муносиб меҳнат шароитлари яратиб, уларнинг доимий бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Ёш тадбиркорнинг келгуси йилги режалари катта. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Самарқанд вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда тўқимачилик йўналишида корхоналар ташкил этишни режалаштирган.
—Техникумларнинг ўқув базасида тикувчилик цехлари очиш учун зарур жиҳозлар борлигини кўрдим, — дейди Мажидхон Исломов. — Ҳозирги кунда бир техникум билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Келгусида бу йўналишдаги фаолиятимизни янада кенгайтирамиз.
Аҳамиятлиси, корхонада дастлаб импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, бугун экспорт учун маҳсулотлар тайёрланяпти. Хитой, Туркия, Япония, Германия давлатларидан келтирилган технологиялар асосида тайёрланаётган маҳсулотлар сифати ва экспортбоплиги билан жаҳон бозорига кириб бормоқда. Тадбиркор бугун ўз маҳсулотларини “Made in Uzbekistan” ёрлиғи билан Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистондан ташқари Европа давлатларига ҳам экспорт қилишга муваффақ бўляпти.
Бир сўз билан айтганда ёш тадбиркор Мажидхон Исломовнинг кечаги орзулари бугун кундалик ҳаётига айланиб улгурди десак, муболаға қилмаган бўламиз. Юртимизда ёш тадбиркорларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар уларнинг ана шундай юксак натижаларга эришишига хизмат қилмоқда.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
“Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг