Илмий салоҳиятни юксалтириш — асосий мақсад

08:30 04 Март 2022 Жамият
1134 0

Мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлайдиган, унинг равнақи ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этади.

Албатта, бу эътибор замирида мамлакатимиз ёшларини ҳар томонлама камол топтириш, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсад мужассам.

Дарҳақиқат, янги Ўзбекистонда янги давр ёшларининг кучли, билимли ва жисмонан етук кадрлар бўлишлари учун уларга кенг имкониятларни яратиб бериш ва қўллаб-қувватлаш асосий мақсадларимиздан бири ҳисобланади, мамлакатимизда барча соҳалар каби Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги Фармонига асосан, Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ўтказилиб, «Академия» мақоми берилди ҳамда ҳарбийлаштирилган тузилмаларнинг олий таълим ташкилотларига ўқувчиларнинг ўқишга кириши учун тайёргарлигини таъминловчи ихтисослаштирилган лицей ташкил этилиши белгилаб берилди.

Ўзбекистон Республикасининг «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги Қонуни, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси тўғрисидаги Низом» ва «Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш тўғрисидаги низом»лари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация комиссияси Раёсатининг 2020 йил 31 декабрдаги тегишли қарорига асосан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳузурида техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий кенгаш тузилди ва у бугунги кунда ўз фаолиятини самарали амалга оширмоқда.

Мазкур қарорга асосан, ФВВ Академияси ҳузурида тузилган техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий кенгаш 05.10.02 -«Фавқулодда ҳолатларда хавфсизлик: Ёнғин, саноат, ядро ва радиация хавфсизлиги» ва 05.10.01 - «Меҳнатни муҳофаза қилиш ва инсон фаолияти хавфсизлиги» (техника фанлари) ихтисосликлари бўйича докторлик диссертацияларини илмий семинарда муҳокама қилиш ва ҳимояни ўтказиш ваколатига эга бўлди.

Мазкур ихтисослашган илмий кенгаш қошидаги илмий семинар муҳокамасидан муваффақиятли ўтган докторлик диссертациялари ҳимояга қабул қилинган. 2021 йилнинг 4 чорагида ФВВ Академиясининг 3 нафар мустақил изланувчилари полковник Собир Жўраев «Маҳаллий хом-ашёлар асосидаги ёнғинга хавфсиз иссиқлик изоляцияловчи материаллар» мавзусидаги, подполковник Анвар Рапуов «Фосфор гуруҳли олигомерлар асосида тўқимачилик материалларни оловбардошлигини ошириш технологиясини ишлаб чиқиш» мавзусидаги, майор Бекпўлат Мирзакабилов «Гидротехник иншоотлар аварияси билан боғлиқ фалокатли сув тошқинлари юзага келганда аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш усулларини такомиллаштириш» мавзусидаги диссертацияларни муваффақиятли ҳимоя қилдилар ва техник фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлдилар.

Шунингдек, Академия мустақил изланувчилари подполковник Сайфиддин Жумаев 2021 июнь ойида «Маҳаллий хомашёлар асосида олинган антипиренлар билан ёғоч материалларини ёнғиндан ҳимоялаш» мавзусидаги, 2021 йил август ойида доцент, генерал-полковник Қобул Бердиев «Маҳаллий хом ашё асосида қурилиш конструкциялари ва материалларининг оловга чидамлилиги бардошлиги ва иссиқликдан ҳимоялаш даражасини ошириш муаммолари» мавзусидаги докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлдилар. 2022 йилнинг 31 январида майор Артём Литяга «Силикат композициялар таркибли антипиренлар асосида полимер материалларни ёнғин хавфсизлигини ошириш» мавзусидаги докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. 

ФВВ Академиясининг профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилган илмий ишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги интеллектуал мулк агентлигидан ихтиролар учун патентлар олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси Раёсатининг тегишли қарорлари билан ФВВ Академияси ёш ўқитувчиларидан 4 нафари подполковник Эркабой Собиров, майор Қодир Якубов, майор Артём Литяга, майор Аллаяр Аҳмедовларга ҳамда фан номзодлари Шоназар Атабаев ва Алижон Сирожиддиновларга «доцент» илмий унвонлари берилди. Юқорида келтирилган илмий ишлар натижалари боис, Академияда илмий салоҳият янада юқори даражага кўтарилди.

2021 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 мартдаги Фармойиши асосида Академияда «Ҳаётий фаолият хавфсизлигини таъминлашда инновацион ёндашув, илмий ишланмалар ва замонавий технологиялар» ҳамда «Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этишнинг долзарб муаммолари» мавзусида республика илмий-амалий анжуманлари ўтказилди, шунингдек, Академия миқёсида 8 маротаба конференциялар ўтказилиб, ушбу тадбирларда 150 га яқин мутасадди ташкилотлар ҳамда 1200 дан ортиқ иштирокчилар фаол қатнашишди.

Яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, Академияда давлат илмий-техник дастурлари доирасида бажарилиши икки йилга мўлжалланган иккита давлат гранти BV-Atex-2018 «Маҳаллий минерал хом ашёлар асосида қийин ёнувчан иссиқдан сақловчи таркиблар олиш технологиясини яратиш» ҳамда BV-Atex-2018-58 «Янги авлод металлорганик олигомер қўшимчали оловбардош, иссиқлик изоляцияловчи қурилиш материалларини тадқиқ этиш ва технологиясини яратиш» лойиҳалари устида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Республика миқёсидаги фан олимпиадаларида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясининг иқтидорли курсантлари муносиб иштирок этиб, совринли ўринларга эга бўлишди. Жумладан, «Гидравлика» фанидан 4 курс курсанти Равшанбек Жалилов биринчи ўринни, «Автомобиль тайёргарлиги» фанидан 1 курс курсанти Фаёзбек Мамасолиев иккинчи ўринни ҳамда «Миллий ғоя, ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси» фанларидан 5 курс курсанти Султанбек Уразимбетов учинчи ўринни эгалладилар.

Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳарбий хизматчилари Осиё ва жаҳон чемпионатларида муносиб иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқдалар. Жумладан, 2021 йилнинг 21-26 август кунлари Қозоғистон Республикаси Олма-ота шаҳрида спортнинг Армрестлинг тури бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида Академиянинг «Ҳарбий ва жисмоний тайёргарлик» кафедраси катта ўқитувчиси катта лейтенант Рустам Чориев учинчи ўринни қўлга киритган бўлса, 5 курс курсанти Хурматилло Мадазимов фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритдилар.

2021 йилнинг 23 ноябрь кунидан 3 декабрь кунига қадар Руминия Республикасининг Бухарест шаҳрида спортнинг «Армрестлинг» тури бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам фаол иштирок этиб келдилар. Шу билан бирга Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгашида 2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш» йили доирасида Тошкент шаҳрида жойлашган муассаса ҳамда ҳарбий қисмлардаги Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти етакчилари ўртасида ўтказилган «Йилнинг энг фаол ёшлар етакчиси» кўрик-танловида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясидаги бошланғич ташкилоти етакчиси катта лейтенант Фирдавс Каримов фахрли биринчи ўринни эгаллади.

Мухтасар қилиб айтганда, янги Ўзбекистонда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш борасидаги муҳим амалий ишларни давом эттиришимиз зарур. Зеро, ёшлар эртанги кунимизнинг эгалари ҳисобланади. Уларни биз бугун қанчалик илмий, маънавий, руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватласак, келажагимиз шунчалик ёрқин бўлади.

Чориёр ХЎЖАНОВ,

ФВВ Академияси бошлиғи ўринбосари, полковник.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?