«Илгари туманимизда саноат умуман бўлмаган»

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Бугун Қорақалпоғистонга борган кишининг тушунчаси ўзгаради. Чунки бу ерда бозор, аэропорт, гузарлар, қатор кўчалар, янги уйлар ва маъмурий, маърифий иморатлар кўп. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан оролбўйига оид фармон ва қарорлар қабул қилиниб, тадбиркорларнинг солиқ юки пасайтирилгани, ер ажратишда имтиёзлар яратилгани янги корхоналар бунёд этилишига замин яратмоқда.
Биргина Беруний туманидаги «Райҳон Аппарель» масъулияти чекланган жамияти дастлаб 2023 йилда тайёр матодан эркаклар ва аёллар кийимлари тикишни йўлга қўйди. Мазкур тикув фабрикасига ўтган йилда чет элдан тайёр кийимларга гул босиш ускунаси келтирилди. 300 нафардан ортиқ ишчиларнинг бандлиги таъминланди.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташриф буюрганларида доим хотин-қизлар турмушини яхшилаш масаласига алоҳида тўхталади, — дейди мазкур фабрика ишчиси Саида Бектемурова. — Илгари туманимизда саноат умуман йўқ эди. Янги корхона иш бошлагач, юзлаб хотин-қизлар ишли бўлишди. Ўзим ёшлигимдан тикиш-бичишдан хабарим бўлгани учун шу корхонада иш бошладим. Ҳозирги кунда корхонадаги 25 нафар тикувчи қизларга устозлик қилиб келаман. Фабрика ёзда салқин, қишда иссиқ, ишлашга қулай. Олис овуллардан келадиган хотин-қизлар учун транспорт қўйилган. Тушликни ҳам шу ердаги ошхонада қиламиз. Ишчилар учун барча шароитлар яратилган.
«Райҳон Аппарель» масъулияти чекланган жамияти умумий лойиҳа қувватини 28,5 млрд. сўмга етказиб, пахтани ўзлари етиштириб, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклига ўтмоқда. Йилига 5 млн дона 15 турдаги тайёр трикотаж кийим-кечаклар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Барча бичиш тикиш ускуналари Япония, Германия ва Туркия давлатларидан келтирилган. Маҳсулотлар асосан экспортга йўналтирилган.
Яқинда Тахиатош туманида ҳам йирик фабрика қуриб битказилди. Тахиатош туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш учун Сурхондарё вилояти бириктирилган эди. Сурхондарёлик тадбиркорлар, Тахиатош тумани масъуллари билан биргаликда умумий қиймати 4 млн. долларлик трикотаж ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи фабрика қурилди. Замонавий тикувчилик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган корхонада йилига 10 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотлар 100 фоиз экспортга йўналтирилади. Хомашё тўлиғича ушбу ҳудудда етиштирилмоқда. Энг муҳими, 200 нафар маҳаллий хотин-қизлар бандлиги таъминланди.
Илгари Тахтакўпирда ҳам саноат умуман бўлмаган. Туманидаги «KAUSAR TEGIRMON» масъулияти чекланган жамияти томонидан «Жунни қайта ишлаш» лойиҳаси амалга оширилгани дастлабки корхона ҳисобланади. Умумий қиймати 878,0 минг долларлик ушбу лойиҳа бўйича ишга тушгач, туман ҳудудида 300 та янги иш ўринлари яратиш имконияти яратилади. Шунингдек, Тахтакўпир туманидаги «Дәўқара» ОФЙ ҳудудида «Taxtakopir Gold Tekstil Mahsulotlari» МЧЖ томонидан йирик ҳажмдаги тўқимачилик лойиҳаси амалга оширилмоқда. Умумий қиймати 25,4 млн АҚШ доллари бўлган ушбу инвестиция лойиҳаси учун 4,5 гектар ер майдони ажратилди. Ҳозирги кунда қурилиш ишлари қизғин олиб борилмоқда.
— Корхонамиз бинолари қуриб битказилгач, Швейцариянинг замонавий асбоб-ускуналари билан жиҳозланади, — дейди корхона директори Нурлибек Алиев. — Жорий йилда «Reuters» корхонаси билан шартнома тузиб, бу ерга ўрнатиладиган технологиялар учун маълум миқдордаги маблағ ўтказилди. Фабрика ишга туширилгач, швейцариялик малакали технологлар 6 ойда маҳаллий ходимларимизга ускуналарни бошқаришни ўргатади. Лойиҳа доирасида йилига 5 минг тонна ип йигирилиб, 11,1 млрд. сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Барча ишлар ниҳоясига етгач, 5 минг тонна ип-калава маҳсулотини Европа бозорларига экспорт этиш имконияти яратилади. Энг эътиборлиси, корхона тўлиқ қувватда ишласа, 250 та янги иш ўрни яратилади.
Шу кунларда Қорақалпоғистонда янги корхоналар, тадбиркорлик субъектлари фаолияти кенгайиб бормоқда. Илгари битта туманда йилида битта корхона очилса, ҳозирда ўнлаб лойиҳалар ишга туширилмоқда. Янги иш ўринлари яратаётган янги корхоналарда минглаб ҳудуд аҳолисининг бандлигини таъминмоқда. Бу оролбўйи аҳолисини улкан мақсадлар билан яшашига замин яратади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг