Икки юз минг гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилади

13:57 03 Февраль 2022 Иқтисодиёт
1056 0

Мутахассисларнинг айтишича, бугун кимнингдир оч қолаётгани ёки қорни тўймаётганининг асосий сабаби етишмовчиликда эмас, балки исрофгарчилик, бор нарсадан тежаб-тергаб фойдаланмаётганимиз, тақсимотнинг тўғри йўлга қўйилмаганида экан. Чунки дунё бўйича ҳар йили озиқ-овқатнинг учдан бир қисми, яъни тўрт млрд. тоннаси исроф қилинаркан. Жаҳон иқтисодиёти эса бундан қарийб 1 трлн. доллар зарар кўраркан.

Британиялик олимларнинг қайд этишича, ҳозир семизлик очликдан кўра жиддийроқ муаммога айланмоқда. Бугун дунё аҳолисининг қарийб 30 фоизи ёки 2,1 миллиарддан ортиқ одам ортиқча вазнга эга. Бу тўйиб овқат емайдиганлар сонидан деярли 2,5 бараварга кўп экан.

Тақсимотдаги бундай номутаносибликлар эса озиқ-овқат нархининг кўтарилишига сабаб бўлмоқда. Сўнгги 10 йилда кузатилган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, коронавирус билан боғлиқ вазият мазкур муаммонинг янада жиддийлашувига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон ҳам бундай муаммодан ҳоли эмас. Сув танқислиги, қурғоқчилик билан боғлиқ муаммолар бугун кун тартибига чиқди. Сувнинг ҳар бир томчисидан мақсадли фойдаланмасак, қишлоқ хўжалигига илғор илм-фан ютуқлари жорий қилинмаса, соҳа бошқарувига бозор тамойиллари татбиқ этилмаса, эртага бу муаммолар бизнинг ҳам эшигимизни тақиллатади.

Шу боис, сўнгги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар ўтказиш, сифатли маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш, бу орқали бугун жиддий муаммога айланган ишсизликка барҳам бериш, камбағалликни қисқартириш, ўзимиздан ортганини хорижга экспорт қилишга давлат миқёсида эътибор қаратилмоқда. Қонунчилигимизга муҳим ўзгартиришлар киритилиб, давлат дастурлари қабул қилинмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш, соҳани иқтисодиётнинг ҳақиқий «драйвери»га айлантириш бўйича кўплаб устувор вазифалар белгиланди.

Президентимиз раислигида шу йил 26 январь куни ўтказилган Тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам ушбу соҳа ривожига алоҳида тўхталиб ўтилди. Иқтисодий комплекс раҳбарлари ва ҳокимлар олдига деҳқон ва фермерлар даромадини 2 бараварга ошириб, аграр тармоқда йиллик ўсишни камида 5 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Тараққиёт стратегиясида туманларни аниқ маҳсулот турини етиштиришга ихтисослаштириш, суғурталашнинг янги механизмларини амалга ошириш, янги ва фойдаланишдан чиққан 464 минг гектар майдонни ўзлаштириш ва кластерларга очиқ танлов асосида ажратиш, 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ва аҳолига очиқ танлов асосида узоқ муддатли ижарага бериш белгиланди. Экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, интенсив боғларни 3 марта ва иссиқхоналарни 2 марта кўпайтириб, мамлакат экспорт салоҳиятини яна 1 млрд долларга ошириш мақсад қилинди.

Сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш орқали ҳар йили камида 7 млрд куб метр сувни иқтисод қилиш, чорвачилик озуқа базасини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5-2 марта кўпайтиришдек мақсадлар ўрин олди.

Шу нуқтаи назардан айтганда, Тараққиёт стратегияси «Инсон қадри учун» ғояси асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвийлигини таъминлашда дастуруламал вазифасини ўтайди. Президентимиз таъкидлаганидек, «ҳамма ислоҳотларни, ҳамма ҳаракатларни жамият билан бирга қиламиз. Ҳаммамиз бир куч, бир қудрат бўлиб халқимизга хизмат қилишимиз керак».

Зафар АБДИРИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?