Ҳарбийлар ўртасида триатлон бўйича жаҳон чемпионати бошланди

10:49 19 Август 2025 Жамият
80 0

Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм марказида спортнинг триатлон тури бўйича ҳарбийлар ўртасида 25-жаҳон (25th CISM World Military Triathlon Championship) чемпионати бўлиб ўтмоқда.

Мазкур чемпионат халқаро ҳарбий спорт Кенгаши (CISM), Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон триатлон федерацияси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган.

Очилиш маросимида дастлаб ушбу нуфузли мусобақанинг аҳамияти ва юбилей чемпионати айнан тарихий шаҳар — Самарқандда ўтказилаётгани ҳақида сўз юритилди ва Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи, халқаро ҳарбий спорт Кенгаши байроғи тантанали кўтарилди.

Шундан сўнг халқаро ҳарбий спорт Кенгаши (CISМ) Бош котиби Роберто Реччия ҳамда триатлон спорт қўмитаси президенти Виктор Лопес Антолин “Жанговар ҳамдўстликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳаммедовга халқаро ҳарбий спорт Кенгашининг “фахрий ордени” топширилди.

Мусобақада дунёнинг 13 давлатидан келган 100 нафардан зиёд спортчи иштирок этмоқда. Беллашувлар икки тоифада — яккалик ва жамоавий гуруҳлар ўртасида ўтказилади. Спортчилар 750 метрга очиқ сув ҳавзасида сузиш, 19 километр велопойга ҳамда 5 километр югуриш босқичларида куч синашади.

Мусобақада 8 нафар Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси (яккаликда 4 нафар эркак ва 4 нафар аёл ҳамда гуруҳ баҳсларида 2 нафар эркак ва 2 нафар аёл спортчи) қатнашмоқда.

Айтиш жоизки, халқаро ҳарбий спорт Кенгаши томонидан спортнинг триатлон тури бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги терма жамоаси тўрт марта иштирок этиб, совринли ўринлари қўлга киритган.

Мазкур чемпионатнинг Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётгани нафақат спортчилар ўртасидаги ҳамкорлик, балки дунё халқлари билан дўстлик ҳамда маданий алоқаларни мустаҳкамлашга имкон яратади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?