«Ҳамон мулкимдаги сийму зарим — шеър»

12:01 01 Март 2023 Маданият
725 0

Фото: Архив сурат

1 март — Зулфия таваллуд топган кун

Баҳорнинг илк куни — халқимизнинг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллуд топган кун мамлакатимизда кенг нишонланади.

Зулфия, баҳор, ёшлик, гўзаллик, севги ва садоқат, эзгулик ва нафосат... Бу тушунчалар ўзаро чамбарчас боғланиб кетгандек. Зеро, ушбу мотивлар шоира ижодининг асосини ташкил этади. Зулфия шеърлари серқатлам маънолари, мунис оҳанглари билан киши қалбидан тезда жой олади. Шу боис, унинг шеъру достонлари халқимиз кўнглига жо бўлиб, тилидан тушмай келмоқда.

Шоира бир шеърида таъкидлаганидек, боғлар қийғос гуллайверади, қир-адирлар яшнайверади, баҳорлар келаверади, шу билан бирга, Зулфия шеърлари ҳам дилларда қайта туғилаверади.

БУ ОҚШОМ...

Бу оқшом пориллар дил нурингизда,

Дийдор бахти насиб яна Сиз билан.

Турибман, азизлар, ҳузурингизда

Ҳамон ўтлиғ кўнгил, ёруғ юз билан.

Ҳамон мулкимдаги сийму зарим — шеър.

Сочимда, чеҳрамда йиллардан нишон,

Саждагоҳим танҳо Ватан, Она Ер,

Орзуларим карвон, сарбоним — ишонч.

Ҳамон ота-онам, икки жаҳоним

Азиз ёди аро шикаста, бутман

Ишқим — алангадир, қордир ҳижроним

Саксон йил ловуллаб сўнмаган ўтман.

Иккита кўзимга икки қорағич —

Мунисим Ҳулкарим, алпим Омоним

Ширин набиралар ҳаётдан тортиғ

Ҳар бири жонига пайванддир жоним.

Номлари, ёдлари пайғамбар монанд

Ҳазрат устозларим — теран илдизлар,

Мен ундан жон олиб кўкарган дарахт,

Меваси — қалбимдан отилган сўзлар.

Ҳикматлар бағрида дур, марваридим

Аждодларим менга ифтихор, ғурур

Шу мавжлардан томган нуқра умидим

Шоира қизларим бахш этган сурур.

Бу назм боғига киролмас хазон,

Бизни маҳв этолмас завол лашкари,

Мен кетсам мунғаймас умрим ҳеч қачон,

Бу боғлар — бир боғлар бўлади ҳали...

Ҳамон эътиқодим — ҳақиқат, ҳакдир,

Сўзлайман, юзимни тутиб Каъбага,

Емира олмайди ўткинчи тақдир,

Осуда ўтади руҳим абадга.

Эъзозлар, ардоғлар учун ташаккур

Асли Сиз офтобим, мен зиёсиман.

Тонгларингиз кулсин дориломан, ҳур,

Бахтим шул — ўзбекнинг Зулфиясиман.

БОҒЛАР ҚИЙҒОС ГУЛДА

Боғлар қийғос гулда — яхлит бир чаман,

Ҳар дарахт анвои бир тароватда.

Бир кафт боғ меҳнату ҳосилга ватан,

Ўзга кўрк, ўзга ранг ҳар бир дарахтда.

Ҳар навда бир гулда, ҳар гулда бир рўй,

Ҳар дарахт барги бир дунё ҳикоя,

Ҳар бирин ҳосили ўзгасига кўрк,

Бири-бири учун қудрат, ҳимоя.

Ватаним кўзимда: қай бурчи азиз,

Билмам, қайда толе серзавқ, сержило?

Ялпи тўлишади бедахл юртимиз,

Нақ ҳар қаричи дил, жон томир гўё,

Бир қардош тинчисиз — ўзга беором

Бирининг нонисиз — ўзга эмас тўқ...

Бу — қадим дунёда янги бир олам,

Бунда орқа тоғсиз бир тирик жон йўқ.

Таянч бўлмасайди одамзод албат,

Ўзи кашф этарди, кашф этгандай бахт!

СОҒИНИБ

Шу кунларда баҳорга зорман,

Навжувонлик ўти танда йўқ.

Куз сингари заъфар рухсорман,

Мевалар ҳам шохлардан узуқ.

Шу кунларда баҳорга зорман,

Танхасталик эзади руҳим.

Танҳо эмас, қаторда борман,

Яна нени излайди суқим?

Шу кунларда баҳорга зорман,

Шаффоф, ёрқин куй тилар кўнгул.

Яхшиямки, қаламга ёрман,

Сўзлаб турар бор дилимни ул.

Шу кунларда баҳорга зорман,

Ўз баҳорим каби бемисол.

Баҳор қайтмас, ёнувчи қорман,

Ё нўноқ қўл бутаган ниҳол.

Шу кунларда баҳорга зорман...

ЗУЛФИЯ,

Ўзбекистон халқ шоири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?