Гуллар шаҳрида хонатлас фестивали

16:51 29 Сентябр 2022 Жамият
1445 0

Фото: Халқ сўзи

Жорий йил баҳорида олтмиш биринчи гуллар байрамини халқаро миқёсда нишонлаган Наманган энди хонатлас фестивалига мезбонлик қилмоқда. Бу билан қизу-жувонларимиз эгнида ял-ял ёниб, улар ҳусну тароватини оширадиган ипак матоларимизнинг истеъмол бозоридаги мавқейини янада мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасида атлас ва адрас тарғиботини кучайтириш, ипакчи ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари кўзда тутилган.

Бугун гуллар шаҳрининг гавжум маскани ҳисобланган Давлатобод туманидаги «Афсоналар водийси» тематик паркида бошланган анжуманда ҳунармандлар, миллий матолар савдоси ва ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлар, ипак газламаларидан тикилган миллий либослар дизайнерлари иштирок этмоқдалар. Фестивалга ташриф буюрган аҳоли вакиллари эрта тонгдан кўргазмаларда товланиб турган матолар жилосидан баҳраманд бўлишди. Шаҳарнинг қўли гул атласчилари томонидан намойиш этилган сеҳрли газламани тўқиш жараёнлари кўпчиликни лол қолдирди. Зеро, ҳар бир қатимига кўз нури, юрак меҳрини бериб тўқиладиган Наманган атласининг сиру-синоати ҳам аждодлардан қолган кўҳна касбнинг қадрланаётгани, авлодлар томонидан ижодий давом эттирилаётганида.

— Наманганда азалдан ўзининг сержило атлас ва адраси билан машҳур, —дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Динора Якубова. — Атласчи сулолалар бугунга келиб ўз маҳсулотларини экспортга ҳам чиқаришяпти. Биргина Наманган шаҳридаги Тошбоевлар оиласи ёки Уйчи туманида Рислиқхон Жўраева томонидан очилган экспортчи корхоналар фаолияти бунга мисол.

Келгусида анъанага айланадиган фестивалда бугун тўқилаётган ипак матолар кўргазмаси қаторида яқинда ташкил этилган «Силк Гранат» шоу рум музейида бундан бир аср аввалги қўлда тўқилган газламалар ҳам намойиш этилмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер