Гулистоннинг шарқу ғарбини боғлайдиган пиёдалар тоннели қурилади
Гулистон шаҳрининг аҳоли тилида «Маҳалла» деб юритиладиган қисми шаҳар маркази билан икки автомобиль кўприги ва бир пиёдалар кўприги орқали боғланган. Бу ҳудудларни халқаро аҳамиятга эга темир йўл ажратиб туради.
Темир йўл устига қурилган пиёдалар кўприги анча баланд бўлиб, айниқса қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар ва жисмоний имконияти чекланган фуқаролар учун ҳаракатланишда қийинчилик туғдиради. Автомобиль орқали бориб-келиш эса муайян вақт ва қўшимча харажат талаб қилади. Ҳолбуки, темир йўл ажратиб турган масофа атиги 200–300 метрни ташкил этади.
Тўғри, «Гулистон» темир йўл станциясининг жанубий қисмида ерусти пиёдалар йўлаги мавжуд. Бироқ у шаҳарнинг «Маҳалла» қисми ва жамоат транспорти қатновидан анча четда жойлашган. Қолаверса, поездлар ҳаракати вақтида мазкур йўлак ёпиб қўйилади.
Шу боис, Гулистоннинг ушбу ҳудудида пиёдалар учун қулайлик яратиш масаласи бир неча йилдан буён долзарб муаммо бўлиб келаётган эди. Маълум бўлишича, бу муаммо яқин вақт ичида ўз ечимини топиши мумкин.
Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг 8-Маданият сайлов округидан бўшаб қолган депутатлик ўрнига номзод сифатида кўрсатилган Эркинжон Турдимов сайловчилар билан учрашув чоғида ушбу масала юзасидан муҳим маълумот берди. Унинг таъкидлашича, шаҳарнинг ғарбий қисми — «Маҳалла» мавзеси ҳамда шарқий қисми — шаҳар маркази ўртасидаги темир йўлдан ерости тоннели қуриш лойиҳалари кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, мавжуд пиёдалар кўпригига чиқиш ва тушиш жойларига эскалаторлар ўрнатиш чоралари ҳам режалаштирилган.
Бундан ташқари, Гулистон шаҳридан оқиб ўтувчи «Дўстлик» канали устидаги мавжуд кўприклар остидан хавфсиз ва қулай пиёдалар йўлакларини барпо этиш бўйича ҳам лойиҳалар ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди.
Мазкур ташаббуслар амалга оширилса, шаҳар аҳолиси учун ҳаракатланиш анча енгиллашиб, инфратузилма сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиши кутилмоқда.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- ICCI 2026: Янги Ўзбекистоннинг қурилиш салоҳияти – ғоялардан кенг кўламли ечимларгача
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг