«Green University»га ҳам янги ректор тайинланди

17:14 16 Декабрь 2025 Жамият
451 0

Фото: Экология қўмитаси

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Бахтиёр Алимович Пўлатов Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ректори этиб тайинланди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълумот учун, ушбу тайинловга қадар Бахтиёр Пўлатов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

У 2006 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институтини, 2008 йилда Нидерландиядаги «Vaginingen» университетини, 2015 йилда эса Швециядаги «Lund» университетини тамомлаган. Техника фанлари доктори, профессор.

Пўлатов «Lund» университетининг физикавий география ва экотизим фанлари кафедрасида катта илмий ходим сифатида фаолият олиб борган. Шунингдек, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Экологик геоахборот тизимлари марказида фаолият юритган. 

Турли йилларда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Давлатлараро барқарор ривожланиш комиссиясининг Илмий-ахборот маркази Ўзбекистон Республикаси филиали раҳбари, Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида инвестициялар ва грантларни жалб этиш масалалари бўйича маслаҳатчи, шунингдек, Атроф-муҳитни ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти директори лавозимларида ишлаган.

Бундан ташқари, 2024 йил август ойида Халқаро Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг (IUCN) иқлим инқирози бўйича комиссияси аъзоси этиб сайланган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер