«Ғазо чегарасида тирбандлик»: Инсонпарварлик ёрдамини олиб келаётган 3 мингга яқин юк машиналари Фаластинга кира олмаяпти

12:22 01 Май 2025 Дунё
237 0

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластиндаги қочқинлар бўйича агентлигининг маълум қилишича, айни пайтда Ғазо чегарасида 3 мингга яқин ёрдам юк машиналари тўпланиб қолган. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри хабар берди.

Маълум бўлишича, Исроилнинг икки ой мобайнида Ғазога қўллаётган блокадаси туфайли ҳудуд чегарасида 3 мингга яқин инсонпарварлик ёрдамларини олиб келаётган юк машиналари тўпланиб қолган. Исроил ҳукумати қўйган тақиқ туфайли ушбу машиналарнинг чегарадан ўтиш имконияти мавжуд эмас.

Таъкидланишича, Ғазо чегарасида тўпланиб қолган юк машиналар фаластинлик маҳаллий аҳоли учун зарур бўлган инсонпарварлик ёрдамлари, жумладан, озиқ-овқат, дори-дармон, кийим кечак, тиббий буюмлар ҳамда ёқилғи олиб келаётган бўлган. БМТ Исроилнинг мазкур ҳаракатини қоралаган. Кўплаб ташкилотлар Ғазога гуманитар ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.

Маълумотларга кўра, Исроил ҳукуматининг Ғазога юборилаётган ёрдамларни ҳудудга киритмаслиги оқибатида, минглаб фаластинликлар очликдан азият чекмоқда. Тиббий муассасаларда эса энг зарур бўлган дори-дармонлар захираси ҳам тугаган. Маҳаллий аҳолининг бирламчи эҳтиёжи учун зарур бўладиган маҳсулотларга талаб кун сайин ортиб бормоқда.

«Ғазодаги бир миллион нафардан ортиқ болалар ёрдамга муҳтож ва уларнинг ҳаётини сақлаб қолиниши чегарада қолиб кетаётган юк машиналарига боғлиқ. Уларсиз болаларнинг ҳаёти хавф остида қолади», — дейилади БМТнинг Фаластиндаги қочқинлар бўйича агентлиги баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Исроил кучлари Ғазо шаҳрининг шарқидаги ва марказий губернаторликдаги иккита йирик сув қувурларига атайлаб зарар етказган эди. Шунингдек, Дейр ал-Балаҳ ҳудудидаги сувни тузсизлантириш заводини электр қуввати билан таъминловчи линияни ҳам узиб қўйган. Натижада Ғазо ҳудудини ичишга яроқли сув билан таъминловчи йирик иншоот фаолияти тўхтатилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?