Газета — жамиятнинг ўзи билан ўзи суҳбатидир

17:13 25 Июнь 2025 Жамият
155 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». «Халқ сўзи» газетасининг 25 апрель сонида чоп этилган «Ҳоким: мен кунимни газета ўқишдан бошлайман» деб номланган мақоласи кенг жамоатчиликни муҳокамага чорлади. Чунки журналистика жамиятнинг ойнасидир. Қай соҳа бўлмасин, камчиликми ёки ютуқ, у ҳақиқий ҳолатини акс эттириши керак. Туман ёки вилоятдаги газеталарнинг аксарияти ёпилган, чиқаётганларининг ҳам тиражи камайиб бораётган бўлса, у қандай «ойна?» Оддий Фарғона мисолида бугун чоп этилаётган босма даврий нашрларнинг адади, ижодий жамоаси ҳамда иқтисодий аҳволи ачинарли ҳолатда.

— Вилоятимизда 60 дан зиёд босма даврий нашрлар мавжуд, — дейди Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси етакчи мутахассиси Қобилжон Шерматов. — Булар орасида «Бешариқ тонги» газетаси ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда. Айни пайтда газетанинг адади 4 мингдан ортиқ. Ўтган йили таҳририятнинг ўз маблағи ҳисобига замонавий бино қуриб битказилди. «Бувайда кўзгуси», Ёзёвоннинг «Марказий Фарғона», Тошлоқнинг «Тошлоқ тонги» газеталари мунтазам равишда чоп этилмоқда. Фарғона, Марғилон, Қувасой шаҳар газеталари ҳам адади оз бўлсада, доимий равишда чиқарилмоқда. Ўртача 150-200 минг аҳолига эга туман ёки шаҳар учун минг нусхада чиқадиган газета етмайди.

Вилоят бошқармалари, шаҳар-туман ҳокимликлари муассислигида нашр этиб келинаётган баъзи даврий нашрлар – газета-журналларнинг иқтисодий аҳволи танг, ижодий жамоа ночор шароитда фаолият кўрсатмоқда. Айрим нашрлар муҳим саналар муносабати билан номигагина чиқарилса, баъзилари йиллар мобайнида ўқувчи қўлига етиб бормаяпти. Мисол учун, Олтиариқдаги «Давр овози» газетаси анчадан буён чоп этилмаяпти. «Қўқон садоси» таҳририятида ҳам шу муаммо бор. Учкўприк, Ўзбекистон, Фурқат сингари туманлар газетаси таҳририяти ҳам бошидан оғир синовларни ўтказмоқда. Таҳририятларнинг моддий-техник базаси, ижодий жамоаси билан боғлиқ муаммолар барча газеталарга хос. Бугун шаҳар-туман газеталарида фаолият кўрсатаётган ёш ҳамкасблар сонини санаш учун букилган бармоқларингиз ортиб қолади. Бу соҳада ўқиётган йигит-қизларнинг аксарияти олий таълимдан сўнг бошқа йўналишларда ишлашни мақсад қилган. Вилоят, тумандаги раҳбарларнинг газетачиликка муносабати ҳаминқадар. Юзма-юз бўлганда мамлакатнинг марказий нашрлари, вилоят газетасини қўйинг, ҳатто ўз тумани ёки шаҳрида чиқадиган газета номини билмайди. Табиийки, газетада чоп этиладиган танқидга муносабати ҳам шунга яраша. Яқинда нуфузли бир идора раҳбари газеталарни сканворд бермаслиги учун ўқимаслигини айтди. Бунга куласизми-куясизми?!

Кўпчилик матбуотнинг рақобатчиси борлигини айтишади. Қудратли интернет. Аммо газета ҳар бир мақола ёки ижод намунаси саралаб эълон қилади. Буни биргина «вой эффекти» ёрдамида ҳам билиш мумкин. Бугун етти ёшли бола уйида ҳам интернет бўлсада, «вой, уларни телевизордан кўрсатишди» ёки «вой, улар ҳақида газетада ёзишди» дейишади. «Вой, улар интернетга чиқди» дейишмайдику! Чунки, интернетга ҳамма чиқиш имкониятига эга. Шунинг учун ҳам интернет порталларини оммавий ахборот воситалари деб аташ қийин. Веб-сайтларга хабар жойлаштираётганлар бир нечта блогерлар холос.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, ҳозирги кунда ижтимоий тармоқда асосан қисқа вақт талаб қиладиган — 1,5-3 дақиқали маҳсулотлар томошабоп. Чунки бугунги тезкор замонда инсон руҳияти шунга мослашди. Ўз нуқтаи назари асосида таҳлил қилиш, жиддий мулоҳаза юритиш, хулоса чиқаришга вақт ва ҳафсала йўқ. Газета ёки китоб ўқиш учун вақт, қунт, билим керак. Ўз вақтида жадид боболаримиздан бирининг «Бунчаям ҳафсаласизлар, биродарлар?» деб ҳайқиргани бежиз эмас. Босма нашрлар том маънода, бугунги инсонларнинг кундалик ибодати, миллатнинг ўзи билан ўзи суҳбатидир. Агар хориж билан маҳаллий нашрларимизни таққосласак, айрим мамлакатларда босма матбуот ҳали ҳам юксак мақомга эга. Масалан, Францияда йилига ёшларнинг бепул обунаси учун бюджетдан маблағ ажратилади. Японияда босма оммавий ахборот воситалари машҳур. У ерда болалар гаджетлардан эмас, балки қоғоздан ўқишга мажбур. Орзумиз шуки, бизда ҳам босма нашрлар ҳар бир хонадонга кириб борсин. Ўз иш кунини газета ўқишдан бошлашга одатланган раҳбарлар кўпайсин. Бу ҳудудларда доимо матбуот ривожига хизмат қилади. Вилоят, шаҳар-туман газеталарининг обунаси сезиларли даражада кўтарилса, шароити ҳаминқадар биноларда ишлаб юрган журналистларга қулай шароитлар яратилса, бундан фақат жамиятимиз ютади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?