Футбол ҳеч қачон тўхтамайди — АПЛ шиори

17:59 26 Декабрь 2025 Спорт
397 0

Бугун, 26 декабрь санасидан Англия Премьер лигасида 2025 йилги мавсум доирасидаги «Boxing Day» ўйинлари старт олди. «Boxing Day» — футбол мухлислари учун таниш, аммо айни пайтда ўзига хос атама. Ушбу материалда у нима экани, унинг аҳамияти ва жорий мавсумда бу даврда бизларни қандай баҳслар кутаётгани ҳақида сўз юритамиз.

«Boxing Day» нима?

Англияда аҳолининг катта қисми христиан динининг католик ва протестант йўналишларига эътиқод қилади. Ҳар йили 25–26 декабрь кунлари ушбу динга мансуб инсонлар Рождество байрамини нишонлайди.

Бу байрам Янги йил билан уйғунлашиб, мамлакатда бир неча кунлик дам олиш ва байрам муҳитини яратади. Айнан шу кунлари Англия Премьер лигаси жуда зич тақвим асосида 2 та, баъзан эса 3 та тур ўйинларини ўтказади. Мухлислар орасида мазкур давр «Boxing Day» номи билан машҳур.

Нега айнан «Boxing Day»?

«Boxing Day» атамасининг келиб чиқиши инглиз маданияти ва байрам анъаналари билан боғлиқ. Ушбу кунларда бойлар камбағалларга, раҳбарлар ўз ходимларига, ота-оналар болаларга совғалар улашади. Совғалар одатда тўртбурчак қутида тақдим этилади.

Шу сабабли «Boxing Day» атамаси «Қутилар куни» маъносини англатади. Футбол нуқтаи назаридан эса, бу даврда футболчилар мухлисларга майдондаги қизиқарли ўйинларни совға қилади.

«Boxing Day» нимаси билан алоҳида?

Дунёнинг кўплаб етакчи чемпионатларида («Ла Лига», «А серия», «Бундеслига») Рождество ва Янги йил орасида расмий учрашувлар ўтказилмайди. Клублар футболчиларга қисқа таътил беради.

Англияда эса вазият бошқача. Футбол — маданиятнинг ажралмас қисми. Мухлислар байрам кунлари ҳам стадионларга ташриф буюриб, севимли жамоаларини қўллаб-қувватлашни маъқул кўради.

Шу боис айнан Англия Премьер лигасида «Boxing Day» баҳслари анъана сифатида сақланиб қолган ва бутун дунё эътиборини ўзига тортади.

«Boxing Day» нима учун қизиқ ўтади?

Бу даврда жамоалар жуда зич тақвимда ҳаракат қилади. Айрим ҳолларда икки ўйин орасидаги танаффус 40 соатдан ошмайди.

Бу эса футболчиларнинг жисмоний ҳолатига таъсир қилади. Натижада ўйинларда кўплаб гўллар урилади, йирик ҳисоблар қайд этилади ва мураббийлар ротация қўллаши сабаб янги футболчилар ўзини намоён этиш имкониятига эга бўлади.

2025 йилги мавсумда «Boxing Day» қачон ўтказилади?

2025 йилги мавсумдаги «Boxing Day» баҳсларининг биринчи қисми Англия Премьер лигасининг 18-турига тўғри келади. Ушбу ўйинлар 26 декабрдан 28 декабргача бўлган вақт оралиғида ўтказилади.

Иккинчи қисм эса 19-тур доирасида бўлиб, 30 декабрдан 1 январгача бўлган даврни ўз ичига олади.

«Boxing Day» доирасида кутилган ўйинлар

Жорий мавсумда «Boxing Day» даврида мухлисларни қуйидаги қизиқарли баҳслар кутиб турибди:

«Манчестер Юнайтед» — «Ньюкасл»;

«Арсенал» — «Брайтон»;

«Челси» — «Астон Вилла»;

«Арсенал» — «Астон Вилла»;

«Сандерленд» — «Манчестер Сити»;

«Кристал Пэлас» — «Тоттенҳэм».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер