Фуқароларнинг хабардорлик даражаси қандай?

15:44 14 Сентябр 2022 Жамият
723 0

Фото: Халқ сўзи

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мамлакатимиз фуқаролари ўртасида телефон орқали сўров ўтказди.

Унда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг шу йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган мажлисига ўзбекистонликларнинг муносабати, ШҲТ фаолиятининг иқтисодий жиҳатлари, хавфсизлик сиёсати ва ташкилотни кенгайтириш хусусиятлари, шунингдек, дунёда иқтисодий ва сиёсий хатар ҳамда таҳдидларнинг ортиши муносабати билан аъзо мамлакатлар ўзаро ҳамкорлигининг асосий йўналишлари тўғрисидаги фикри аниқланди.

Сўровда мамлакатимиз барча ҳудудининг аҳолиси, эркаклар ва хотин-қизлар, турфа ижтимоий қатламларга мансуб ҳамда кўплаб соҳаларда банд бўлган кўплаб миллат вакиллари ва турли ёшдаги фуқаролар иштирок этди.

Сўров ўзбекистонликларнинг аксарияти жорий йил сентябрь ойида Самарқандда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтиши тўғрисида етарлича хабардорлик даражасини кўрсатди. Хусусан, уларнинг 39,5 фоизи бўлажак муҳим сиёсий воқеадан яхши хабардор эканлигини таъкидлаган бўлса, 27 фоиз сўров иштирокчилари эса «Ҳа, бу ҳақда эшитганман» деган жавобни айтган.

Тадқиқот давомида респондентлар ШҲТ фаолияти ва бўлажак саммит оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама этилаётганлиги, Самарқандда бўлиб ўтиши туфайли ушбу сиёсий воқеага, шунингдек, Ўзбекистоннинг ШҲТ давлатлари билан интеграция жараёнлари ва улар ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳамда конструктив мулоқотни ривожлантириш масалаларига фаол қизиқиш билдираётганликларини таъкидладилар.

Ўтказилган сўров ҳамюртларимиз ШҲТнинг халқаро алоқаларни ривожлантиришдаги асосий моҳияти ва аҳамиятини англашларини, фуқаролар ташкилотга аъзо давлатларнинг барча соҳадаги ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳар бир мамлакатдаги алоҳида иқтисодий ўсишга ҳисса қўшишига, глобал иқтисодий инқирозга, терроризм, уюшган жиноятчилик ва ахборот таҳдидларига қарши биргаликда қарши туришга имкон беришига ишонишларини тасдиқлайди.

Сўровда иштирок этган респондентлар ШҲТ фаолиятининг асосий мақсади, уларнинг тасаввурида, халқлар ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, минтақада дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришдан иборат эканини таъкидлади. Фуқаролар аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, гуманитар соҳадаги ҳамкорлик, ШҲТ маконидаги халқларнинг фаровонлиги ва бир-бирини англашига кўмаклашувчи турли маданият ва цивилизацияларнинг конструктив мулоқотини ШҲТ фаолиятининг муҳим таркибий қисми, деб ҳисоблайди.

Фуқароларнинг фикрича, ШҲТ бугунги кунда юқори нуфузга эга ва минтақадаги кўплаб давлатлар учун жозибадор ҳисобланиб, иштирокчи мамлакатларга ташкилот доирасида самарали мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун кенг имконият ва шарт-шароитлар яратмоқда.

Ўтказилган тадқиқотнинг кўрсатишича, ўзбекистонликлар Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш, иштирокчи мамлакатларнинг самарали минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги учун шарт-шароитлар яратиш, тенглик, ўзаро ҳурмат ва миллий манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ШҲТ маконида кенг, очиқ, ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли ҳамкорликни шакллантириш борасидаги фаолиятини ижобий баҳолайди.

Ҳар иккинчи респондент минтақадаги қўшнилар билан савдо-иқтисодий алоқаларнинг янада ривожланишидан умид қилмоқда, 51,5 фоиз респондентлар иштирокчи мамлакатлар давлат раҳбарлари ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган самарали қарорлар қабул қилишига, ШҲТ доирасида янги шартномалар ҳамда бутунлай янги йўналишлар ва янги лойиҳалар пайдо бўлишига ишонади.

Teлефон сўрови натижалари таҳлилининг кўрсатишича, респондентлар ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари учрашуви Самарқандда ўтказилишига ижобий муносабатда бўлиб, улар мамлакатимиз, минтақа ва бутун дунёдаги ишларнинг мавжуд ҳолатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муҳим тарихий воқеанинг гувоҳи бўлишаётганини қайд этди.

Уларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг геосиёсий марказига айланмоқда, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда фаоллик кўрсатмоқда, минтақада ҳар жиҳатдан етакчи бўлиб бормоқда, айни пайтда ички сиёсий барқарорлик, маданий устуворлик, мустақил ва фаол сиёсий мавқе мамлакатимизнинг минтақавий етакчилик мақомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Умуман олганда, тадқиқот натижалари ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг бўлажак мажлисига ўзбекистонликларнинг ижобий муносабатини аниқлаб берди. Кўриниб турганидек, кўплаб иштирокчилар учун мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбирнинг ўтказилиши ҳақиқатан ҳам Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувининг фаол ва янада барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ажралмас жараёнлари ифодаси сифатида қабул қилинмоқда.

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини

ўрганиш маркази материаллари асосида тайёрланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?