Фуқаролар ўз номига кредит расмийлаштирилишини тақиқлаши мумкин бўлади
11 декабрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида жисмоний шахслар ва кредит бюроси ўртасида ариза киритиш орқали кредит битимини тузишни тақиқловчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Мажлисда депутатлар томонидан мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг хабарисиз кредитларни уларнинг номига расмийлаштириш ва мазкур кредитларни ўзлаштириш ҳолатларининг олдини олишга, шунингдек, кредит бюролари фаолиятини тартибга солишни такомиллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Қонунчиликка киритилаётган тегишли норма билан кредит битимларини тузиш тақиқланган шахслар реестрини жорий этиш кўзда тутилган. Бу орқали фуқаролар ариза бериш орқали улар билан кредит битимини тузишни тақиқлаш мумкин бўлади.
Реестр Марказий банк томонидан белгиланган тартиб асосида кредит бюролари томонидан юритилади. Банк ва нобанк кредит ташкилотларига реестрни текширмасдан мижозлар билан битимлар тузиш тақиқланади.
Агар фуқаро хабардорлигисиз шартнома тузилган бўлса, битим бўйича келиб чиқадиган оқибатлар учун банклар, нобанк кредит ташкилотлари ёки микромолия ташкилотларига жавобгарлик белгиланади.
Кредит бюролари устав капиталининг минимал миқдорини 2 млрд сўм этиб белгилаш таклиф қилинмоқда. Қоидабузарликлар учун эса уларга нисбатан чора ва санкциялар қўллаш белгиланмоқда. Бунинг учун қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар юборилади ва БҲМнинг 5 минг баравари (1,875 млрд сўм) миқдорда жарима ундирилади.
Шунингдек, кредит битимини тузишни тақиқлаш ёки ушбу тақиқни бекор қилиш тўғрисидаги ариза Ягона портал (my.gov.uz) орқали электрон шаклда, давлат хизматлари марказлари ёки кредит бюролари орқали ёзма ёки электрон шаклда тақдим этилади.
Кредит шартномасини тузишни тақиқлаш ёки тақиқни бекор қилиш ихтиёрий равишда амалга оширилади. Бундан ташқари, ушбу хизматлар Вазирлар маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда пуллик асосда кўрсатилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг