Франциянинг янги элчиси ТИВ раҳбарига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Бугун, 4 сентябрь куни Франциянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Уалид Фук Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Бу ҳақда ТИВ раҳбари ўзининг Telegram каналида маълум қилди.
Вазир хабарида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги мустаҳкам тарихий замин ва бой анъаналарга эга муносабатлар сўнгги йилларда юқори суръатлар билан ривожланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилганини қайд этган.
«Бугунги кунда ҳамкорлик иқтисодиётдан тортиб маданиятгача бўлган барча соҳаларни қамраб олмоқда. Шу билан бирга, мавжуд салоҳият янада кенг бўлиб, уни тўлиқ рўёбга чиқариш учун дипломатларимизнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамият касб этади», деб ёзган Бахтиёр Саидов.
Ташқи ишлар вазири, шунингдек, Уалид Фукнинг Ўзбекистондаги фаолиятида юксак муваффақиятлар ва самарали меҳнат тилаган.
Маълумот учун, янги элчи 2025 йил 27 августдан эътиборан Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимига киришган. У 2021 йилнинг октябридан 2025 йил августигача мазкур лавозимда ишлаб келган Орелия Бушезнинг ўрнини эгаллади.
Қайд этиш жоиз, Уалид Фук тажрибали дипломат ҳисобланади, у 2010-2014 йилларда Франция Ташқи ишлар вазирлигининг Стратегик ишлар, хавфсизлик ва қуролсизланиш бўйича дирекциясида, 2014-2017 йилларда Франциянинг Пекиндаги элчихонасида, сўнгра Франциянинг Нью-Йоркдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий ваколатхонасида (2017-2019) ишлаган.
Кейинчалик эса Марказий маъмуриятга Осиё ва Океания ҳамда Узоқ Шарқ бўйича директор сифатида қайтган (2019-2020). Уалид Фук 2020-2025 йилларда Франция Республикаси Президентининг Осиё, Океания ва Америка бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг